Қозоғистоннинг етакчи мусиқачилари бир саҳнага жамланди. «Астана Балет» театрида симфоник ва чолғу асбоблари кечаси ташкил этилди. Ушбу бетакрор маданий тадбир доирасида Людвиг ван Бетховен каби классиклар асарлари янгради. Санъат юлдузлари ижодини бир нуқтага жамлаган концерт театрнинг «Исмлар» лойиҳаси доирасида тақдим этилди. Ундан мақсад — битта саҳнага мамлакат мусиқа санъати тимсолларига айланган Қозоғистоннинг энг ёрқин яккахонлари ва мусиқачиларини тўплаш эди. Кеча дастурига халқаро танловлар ғолиблари, иқтидорини дунё тан олган санъаткорлар чиқишлари киритилди. Улар қаторида скрипкачи Қаламқас Жумабаева, виолончел ижрочиси Ермек Қурманаев ва пианиночи Амир Тебенихин ҳам бор. Улар томошабинга скрипка, виолончель ва фортепиано учун учлик концерт тақдим этди. Театр оркестри австриялик бастакор Франц Шубертнинг «8-симфония»сини ижро этди.
Арман Ўразғалиев, «Астана Балет» театри симфоник оркестри бош дирижёри:
- 3 йил аввал, театрнинг ўз оркестри тузилганидан кейин шундай бир лойиҳа ғояси туғилди. Бирор жойда бўлмаган ўзига хос нимадир намойиш этишни истадик. Биринчи меҳмонимиз – ҳозир Европада яшаётган ажойиб мусиқачи, пианиночи, юртдошимиз Амир Тебенихин эди. Ҳаммаси унинг концерти билан бошланиб кетди. Дастлабки уриниш катта муваффақият келтирди. Кўнгилдагидек чиқди. Шундан буён биз ҳар йили бир, баъзан иккита шундай концерт бераяпмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

