Туркистонда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон раҳбарлари қатнашди. Томонлар сунъий интеллект ва рақамлаштириш, технологик модернизацияни жадаллаштириш учун ҳаракатларни бирлаштириш масаласини муҳокама қилди. Қозоғистон Президенти ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида электрон ҳужжатлар ва рақамли имзоларни тан олиш масаласи ҳам тилга оллди. Космик соҳа ҳам четда қолмади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, бу соҳа туркий давлатларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатларимиз ушбу йўналишни тизимли ривожлантириш учун зарур илмий, технологик ва молиявий салоҳиятга эга. Айниқса, сунъий йўлдош алоқаси, навигация ва мониторинг соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш зарур. Технологик мустақилликни мустаҳкамлаш ва инновациявий салоҳиятни ошириш имконияти пайдо бўлади. Масалан, «CubeSat-12U» илмий сунъий йўлдошининг учирилиши муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатишимиз мумкин.
Замон билан ҳамнафас ҳаракатланиш учун малакали кадрлар, демак самарали ўқув марказлари ва илмий институтлар зарур. Қозоғистон Президенти ёшларни биргаликда ўқитиш, илғор технологияларни жорий этишда тажриба алмашишни таклиф қилди. Туркий мамлакатларнинг сунъий интеллект марказлари тармоғи бунга ёрдам беради.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистонда янги форматдаги технологик таълим муассасаси - Сунъий интеллект университетини очиш режалаштириляпти. Туркий давлатлар фуқароларининг ушбу олий ўқув юртида таълим олиши учун махсус грантлар ажратишга тайёрмиз. Туркий давлатлар ёшлари ўртасида дастурлаш, сунъий интеллект ва илғор рақамли технологиялар бўйича ҳар йили фан-технология олимпиадасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Ташаббусларни амалга оширишда Туркий инвестиция жамғармаси молиявий кўмак бериши мумкин.
Мамлакатларда сунъий интеллектни ривожлантиришга қўшма IT-хаблар маркази - Turkic AI ёрдам бериши мумкин. Қасим-Жомарт Тоқаев уни Астанадаги Alem.ai базасида очишни таклиф қилди. Президент мамлакатларнинг гуманитар ҳамкорлигига катта эътибор қаратди. У Туркий цивилизация меросини сақлаш тўғрисидаги конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бундай материалларни бирлаштирувчи сунъий интеллектга асосланган Рақамли платформа туркий халқлар маданияти ва тарихини оммалаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, Туркистонда Туркий цивилизация маркази очилади. Ушбу даргоҳда ТДТнинг барча мамлакатлари олимлари тадқиқотлар ва таълим олишлари мумкин. Уларнинг ишига, ўз навбатида, туркий тилларнинг умумий терминологик базаси ёрдам беради. Базани шакллантириш учун Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлатлараро терминологик комиссия тузишни таклиф қилди. Саммит Туркистон декларацияси имзоланиши билан якунланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

