Қозоғистон Президенти СИ танлови ғолибларини мукофотлади

Қозоғистон Президенти СИ танлови ғолибларини мукофотлади

Қозоғистон Президенти Alem.ai халқаро сунъий интеллект марказига борди. Бу ерда янги СИ лойиҳалари ва технологиялари яратилади. Улар давлат ва бизнес сектор фаолиятидагина эмас, қозоғистонликларнинг кундалик турмушида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугун пойтахт маълумотлари ва тизимларини ўзаро боғловчи Astana Smart City AI-майдончаси ишга тушди.


Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирокида бир қанча таълим ташаббуслари старт олди. Мамлакатнинг 14 минтақасида Tomorrow School сунъий интеллект таълим даргоҳлари очилди. Шунингдек, иқтидорли ўсмирлар учун TUMO Astana креатив технологиялар маркази иш бошлади. Президентга айни вақтда Alem.ai базасида ишловчи AI Research University тадқиқот университети намойиш этилди. 1 сентябрда у талабалар учун эшигини очади. Сўнгра Давлат раҳбари Alem.ai battle ва AI Governance Cup ғолибларин тақдирлади. Унинг таъкидлашича, айнан тараққийпарвар ёшлар мамлакатни янги даражага олиб чиқади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Бизнинг асосий қадриятларимиз Халқ Конституцияси Муқаддимасида кўрсатилган.
Давлатнинг олий қадрияти – халқ. Шунинг учун инсон капиталини ривожлантириш конституциявий вазифалар қаторига киритилган. Асосий қонунда Қозоғистон фан, таълим ва инновацияларни ривожлантиришни давлат фаолиятининг стратегик йўналиши сифатида кўриши бевосита баён этилган.


Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда янги технологиялар учун пойдевор яратилганини таъкидлади. Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт вазирлиги ишлаб турибди. Янги технологиялар учун база  бор, Рақамлаштириш кодекси қабул қилинди. «Сунъий интеллект тўғрисида» қонун кучга кирди. Яқин келажакда мамлакатнинг рақамли ривожланиш векторини аниқлаб берувчи  Digital Qazaqstan стратегияси ишга тушади. Бундан ташқари, суперкомпьютер кластери фаолиятини бошлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Ялпи рақамлаштириш ва сунъий интеллект жорий этилиши давлат бошқарувидан тортиб креатив саноатгача мамлакатни  ҳар томонлама модернизация қилишнинг  муҳим факторларидан бири. Ёзда Астанада «Келажак ўйинлари» ўтказилади. Классик ва киберспорт уйғунлашган нуқтадаги беллашувларда 50 дан зиёд давлатдан минг нафар атрофида спортчи қатнашади.
Янги спорт формати илғор технологияларни кундалик турмушга олиб киришга ёрдам беради. Бу эса ёшлар ўртасида спортнинг оммалашишига олиб келади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, рақамлаштириш ва СИ мамлакатдаги катта ўзгаришлар сари эшик очади. Лекин соҳага юқори малакали кадрлар керак. Шу кунларда талабалар, педагоглар, ўқувчилар янги соҳани ўзлаштиряпти. Айни вақтда, Давлат раҳбари иккита танловда тақдим этилган таклифларни юқори баҳолади. Лекин ишланмалар ғоя ёки пилот лойиҳа тарзида қолиб кетмаслиги лозим. Асосий мақсад - инновацияларни давлат органлари даражасида кенгайтириш, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Абдумалик Сарманов таржимаси