Туркистонда қадимий жангчи қабри топилди

Археологлар Туркистон вилоятида ўзига хос қабрга дуч келишди. Икки минг йиллик ўтмишга эга иншоотда тош даҳмалар ичида бир неча қабр топилди. Уларнинг бирида, уч метрлик тупроқ остида қимматли артефактлар ва қадимий жангчи майитига дуч келинди.

Александр Подушкин, университет профессори:

– Мавжуд буюмларга қараб, бу ерда кўчманчи жангчи дафн этилган дейиш мумкин. Ҳарқалай, даҳмадаги нарсалар: кўчманчиларга хос бир неча турдаги пайкон учлари, от сувлиқлари, камар дўғаси шундан далолат беради. Майитнинг умуртқаси, қовурғалари йўқ. У бронза ёки кумуш катафракта совутида дафн этилган бўлиши мумкин.

Мутахассислар таъкидлашича, қабрлардан бири таланган, лекин иккинчисида эркак киши жасади ҳамда ошхонада ишлатилган кўза, темир буюмлар топилган. Дафинага зарар етмаслиги учун археологлар биринчи марта янги усул, яъни тор йўлак - дромос усулини қўллади. Натижада, табиий ландшафтга зарар етказмаган ҳолда археологик қазув ишлари олиб борилади. Эслатамиз, қазув ишлари Силбели яқинидаги тоғ дарасида ўтказилган.

Гулмира Стамқулова, археолог:

– Дромос орқали қаздик, рахна очдик, кейин дафн камерасига кирдик. Бу ерда бўш жой кўп. Тўрт йилдан буён шу ерда қазув ишларини олиб боряпмиз. Ҳар сафар қимматбаҳо тарихий нарсалар топилади.

Археологлар таъкидлашича, Силбели дарасида яна ҳали кўп кашфиётлар қилинади, навбатдаги экспедиция келаси йилга мўлжалланган. Бу участкадан топилган нарсалар Қозоғистоннинг Марказий музейига юборилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.