Қозоғистон ва Япония ўртасида квалификация матчига қуръа ташланди

Токиода Қозоғистон ва Япония аёллар терма жамоаси ўртасида квалификация матчи учун қуръа ташланди. Беллашув ғолиблари ноябрь ойида «Билли Жин Кинг кубоги» жамоавий жаҳон чемпионатига боради. Биринчи ўйинда Анна ДанИлина ва Нао Хибино майдонга чиқади. Сўнгра Юлия ПутИнцева ва тўрт марта «Катта дубулға» турнирлари ғолибаси бўлган НаОми Осака куч синашади. 

Юлия Путинцева, теннис бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзоси:

–  Наоми билан кўп марта ўйнаганман. Унинг қандай ўйнашини тахмин қила оламан. Ўз тренерим билан аввалги ўйинларини муҳокама қилиш ниятидамиз.   

Жами, 5 та матч ўтказилади. Жамоа уларнинг 3 тасида ғолиб чиқиши етарли. Кортга жуфтликлар чиқадиган охирги учрашув ҳал қилувчи ўйин бўлиши эҳтимол. Экспертлар фикрича, рейтинг бўйича Сюко Аояма ва Эна Сибахарадан иборат япон дуэти устун, лекин Анна Данилина ва Жибек Қуламбаева муносиб қаршилик кўрсатиши кутиляпти.

Анна Данилина, теннис бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзоси:

– Улар жуда кучли, аҳил жуфтлик. Жуда кўп беллашувларда бирга ўйнаган. Мен ҳам уларга қарши кортга чиққанман, шунинг учун қанчалик яхши ўйнашини биламан. Ёнимдаги шеригим улар учун кутилмаган рақиб. Бу эса муваффақият келтириши мумкин. 

Таъкидлаш лозимки, миллий терма жамоа тимсолига айланган Зарина Диас матчда қатнашиши аниқ эмас. Бир неча жароҳат олган ўйинчини ўта оғир беллашувга қўйиш тўғри бўлмаслиги мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси.