Туркий дунё маънавий маркази – Туркистонга «Ҳунармандлар шаҳри» деган мақом берилди. Бу – нуфузли «World Craft Council» халқаро ташкилотининг қарори. Бутунжаҳон касб-ҳунарлар кенгаши шаҳарнинг бой маданий меросини юқори баҳолади. Шаҳарда ўтказилган этнофестиваль ва ҳунармандлар кўргазмаси у муносабат билан ташкил қилинди.
Ердаулет Амантайули, «Open Turkistan» сайёҳлик ахборот маркази раҳбари:
-Шаҳримиз янги мақом олиши доирасида биз «Қадимий туркий анъаналар» фестивалини ўтказяпмиз. Тадбирдан мақсад – миллий қадриятларимизни оммалаштириш. Ушбу анжуманда меҳмонлар миллий ўйинлар, таомлар, умуман олганда, бой тарихимиз билан танишади.
Мутахассислар таъкидлашича, Туркистон янги мақом олгани туфайли эндиликда қозоқ маданий меросини оммалаштириш бўйича янги йўналишлар очилади. Маҳаллий ҳунармандлар ишларини дунё танийди.
Мухтар Тўлепов, Туркистон шаҳар Бизнес ва туризмни ривожлантириш бўлими раҳбари:
- Мақом берилганидан кейин туризм соҳасини ривожлантириш учун катта имкониятлар пайдо бўлди. Биз ҳунармандлар билан яқиндан иш юритишни режалаштирганмиз. Шу жумладан, уларга бино ижараси, ускуна ва хомашё хариди учун субсидиялар берилади.
Туркистонда Ҳунармандлар маркази қурилиши ниҳоясига етмоқда. Объект тез кунларда фойдаланишга топширилади. У сайёҳларни жалб қилади, халқ амалий санъатини ривожлантирувчи масканга айланади. Бу эса қадимий шаҳарни ривожлантиришга янги туртки беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

