Қозоғистон сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилади

Қозоғистон сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилади

Қозоғистонда сув инфратузилмаси модернизация қилинади. Мамлакатда 42 та янги сув омбори қурилади, 37 та гидротехник иншоот ва 14,5 минг километрлик суғориш каналлари реконструкция қилинади. Учта янги сув омбори қурилиши бошланган, яна иккита объект якунланиш босқичида турибди. Кейинги икки йилда бир ярим минг километрга яқин канал  реконструкциядан ўтган, 2026 йил сўнгига қадар яна деярли минг километрда ишлар якунланади. Бу тахминан 200 минг гектар суғорма ерларда сув таъминотини яхшилашга имкон беради. Тегишли вазирлик маълумотларига кўра, лойиҳалар амалга оширилиши янги иш ўринлари яратишга замин ҳозирлайди, шунингдек, минтақаларни ривожлантириш ва соҳада кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қўшимча туртки беради.


Анель Жакайм,  Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирлиги эксперти:


 -  Иш ўринлари барпо этилиши вилоятларда турмуш шароитларини яхшилашга имкон беради. Айниқса, қишлоқ жойларда. Сув хўжалиги инфратузилмасини равнақ топтириш айни пайтда соҳага янги малакали кадрларни жалб қилишга ҳам замин яратади. Бугунги кунда тахминан 2,7 минг талаба сув соҳаси ихтисосликлари бўйича таҳсил олмоқда. «Казводхоз» республика давлат корхонаси филиалларида амалиёт ўтаётган талабалар сони ҳам тобора ўсиб боряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.