Қозоғистон ўқувчилари Халқаро Физика олимпиадасида 5 та олтин медаль олди

Қозоғистон ўқувчилари Халқаро Физика олимпиадасида 5 та олтин медаль олди

Қозоғистонлик мактаб ўқувчиларининг жаҳон аренасидаги оламшумул ютуғи. Миллий терма жамоанинг барча беш иштирокчиси Колумбияда бўлиб ўтган 56-Халқаро Физика олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Жорий йилда 85 давлатдан келган 380 дан зиёд ўқувчи ғалаба учун кураш олиб борди. Улар олдида мураккаб назарий ва экспериментал масалаларни ечиш вазифаси турарди. Қозоғистон жамоаси барча синовларни муваффақиятли енгди ва юксак натижа кўрсатди. Миллий терма жамоамиз бу ютуқ учун уч йил тараддуд кўрди. Педагоглар, устоз ўқитувчи ва маҳаллий мураббийлар ўқувчилар билан тайёргарлик машғулотларини олиб борди. Мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган дунёнинг энг нуфузли олимпиадаларидан бирида Қозоғистон вакиллари 1997 йилдан бери қатнашиб келади. Ўтган йили миллий терма жамоа иккита кумуш ва учта бронза медаль билан қайтган.

Шинар Акпарова, Қозоғистон Республикаси Маориф вазири ўринбосари:

 – 2019 йилдан бери Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан Қозоғистонда иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро олимпиада ҳаракатини ривожлантириш ва педагоглик касби нуфузини оширишга доир тизимли иш олиб бориляпти. Қозоғистонлик ўқувчиларнинг жаҳон аренасидаги ютуғи мамлакат Конституциясида давлатнинг асосий мақсадларидан бири ўлароқ белгилаб қўйилган инсон капиталини ўстириш, фан-таълимга сармоя киритиш йўналишининг натижаси бўлди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.