Сак даври жангчиси мозори топилди

Сак даври жангчиси мозори топилди

Қозоғистон олимларининг янги кашфиёти! Алмати яқинидаги қўрғонлардан бирида сак даври жангчисининг хоки топилди. Ёдгорлик диаметри - 100 метр, баландлиги – 8 метр. Жангчи тахминан 50 ёшида вафот этган. Майит қолдиқлари ёнидан қилич ва олтин қопланган либос парчалари топилди.

Мурат Нурпеисов, Алмати шаҳар музейлар бирлашмаси катта илмий ходими:

- Бу шунчаки фольга эмас. Қалин олтин тахта дейиш мумкин. Бронза асосга маҳкамланган. Тасвирланган сюжетлар бадиий кўркам, ҳайвонот услубида. Бу ерларда мушуксимон йиртқич калласи акс эттирилгани аниқ. Бошқа зооморф сюжетлар ҳам бор. Масалан, мана бу жавончаларда чизилган.

Қўрғондан топилган нарсаларнинг кўп қисми бу эрта темир даврига оид сак ёдгорлиги эканлигини тасдиқлайди. Масалан, спираль шаклидаги бронза пластина – қуёш тимсоли, чарм буюмлар ва қурол-яроғни безатишда ишлатилган. Лекин бу ердаги ўйма нақшлар ўша давр аскарларига хос эмас, дейди археологлар.

Мурат Нурпеисов, Алмати шаҳар музейлар бирлашмаси катта илмий ходими:

- Катта эҳтимол билан у импорт қилинган, дея оламиз. Олтойдаги Пазириқ маданиятини ўрганиш натижасида импорт маҳсулотлар келтирилганига амин бўлганмиз. Бу Олд Осиёдан келтирилган, буниси Хитойдан импорт қилинган. Яъни автохтон сак буюмларидан ташқари, четдан келтирилганлари ҳам етарли. Менимча, бу нарсалар камар билан боғлиқ безаклар. Унда ҳайвонот услуби белгилари кўринмайди, қандайдир ўсимликлар сюжети. Энг муҳими – саклар учун хос бўлмаган тури. Буни ҳали аниқлай олмадик.

Олимлар таъкидлагани каби, мозор ҳали етарлича ўрганилмади. Очилмаган жумбоқлар кўп. Топилмаларни синчиклаб ўрганиш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси