Қозоғистон археологлари Олтин Ўрда даврига оид асори-атиқалар топди

Қозоғистон археологлари  Олтин Ўрда даврига оид асори-атиқалар топди

Археологлар Қозоғистон шимолида Олтин Ўрда даврига оид янги асори-атиқалар топди. Жантай водийсида "Олтин Ўрда стандарти" деб аталадиган пишиқ ғишт қолдиқлари бор экан. Бу материалдан саройлар, масжидлар ва мақбаралар қуришда фойдаланилган. Тадқиқотчилар ўрта асрларга оид иншоотлар ва даҳма қолдиқларини аниқлади. Дастлабки маълумотларга кўра, бу ерда дашт аслзодалари вакили шарафига қурилган XIV–XV асрларга оид мақбара мавжуд бўлган. Топилмалар орасида металл тақинчоқлар, мунчоқлар ва Ҳинд океанида яшовчи каури моллюскасининг чиғаноғи бор. Мутахассисларнинг фикрича, буюмлар Буюк Даштни Жанубий Осиё билан боғлаб турган савдо йўллари мавжуд бўлганини тасдиқлайди.


Елена Трушева, экспериментал археология лабораторияси мудири:


- Биз дастлаб металл буюмлар ва экспонатларни рентген-флюоресцент таҳлилидан ўтказдик. Улар мураккаб таркибли қўрғошин, қалай кабилар қўшилган бронзадан иборатлиги аниқланди. Бу эса Иртишбўйи маҳаллий металлургиясининг юқори даражада ривожланганлигини кўрсатади. Маржонлар ўрганилганда, уларнинг барчаси четдан келтирилганлиги аниқланди, бу Олтин Ўрда даврида узоқ ўлкалар билан иқтисодий ва маданий алоқаларда бўлганини тасдиқлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.