Буюк Британияда биринчи марта туркий тилга таржима қилинган Қуръони каримнинг нусхаси, шунингдек, Буюк даштга оид қимматли қадимий қўлёзмалар топилди. Туманли Альбион шаҳарлари кутубхоналари ва давлат архивларида иш олиб борган қозоғистонлик олимлар қозоқ халқи тарихига оид янги саҳифаларни очишга муваффақ бўлди. Эндиликда мусулмонларнинг муқаддас китоби илк марта туркий тилга мамлакатимиз ҳудудида таржима қилинганини бемалол айтиш мумкин.
Алмат Абсалиқов, Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази бош эксперти:
– Қорахонийлар даврига оид Қуръонни келтирдик. Китоб Манчестердаги кутубхонасида бор экан. У X-XII асрларда ёзилган. Унинг ўзига хослиги туркий тилга илк марта таржима қилинганлигида. Аҳмад-Закий Валидий ҳамда бошқа шарқшунослар берган маълумотига кўра, Қуръон таржимаси билан Қозоғистон жанубида, қадимий Исфижоб ва Арғушаҳарларида шуғулланишган.
Қозоғистон олимлари Англияда қозоқларнинг Шарқий Туркистон, Тибет, Ҳимолай тоғлари ва Ҳиндистон орқали кўчиб бориши хусусида маълумотлар сақланиб қолганини тахмин қилишганди. Бу борада батафсил маълумотлар қўлга киритилди. Бундан ташқари, 50 томли «Туркистон, Туркия, Эрон ва Озарбайжон ўртасида ёзишмалар» ҳужжатлари ичидан қозоқ арбоби Мустафо Чўқай ҳақидаги маълумотлар чиқди. Улар кўп йиллар мобайнида Британия архивларида махфий сақланган.
Гульсим Бисенова, Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази етакчи эксперти:
– Биз Мустафо Чўқай ҳақидаги қимматли маълумотларни қўлга киритдик. 1919 йилда Тифлисда чиқадиган «Сўз» газетасида чоп этилган мақолада Туркистондаги сиёсий-иқтисодий вазият ҳақида материаллар бор.
Британия архивларида Устоди соний Абу Носир ал-Форобийнинг табиатшуносликка оид қўлёзмаси ҳам бор экан. Шунингдек, биринчи шарқшунос, жамоат арбоби Серали Лапин ҳақидаги «Антибольшевик»нинг нусхаси топилди. Мамлакатимиз олимлари ҳужжатларни синчиклаб ўрганяпди. Таъкидлаш лозимки, Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази мутахассисларининг британиялик ҳамкасблари билан ҳамкорлиги натижасида ушбу қимматли топилмаларга эришилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.