Қозоғистонда инвестицияларнинг ярми кўчмас мулкка йўналтириляпти

Қозоғистонда инвестицияларнинг ярми кўчмас мулкка йўналтириляпти

Кўчмас мулк – инвесторлар учун энг жозибали бозор. Улар киритган маблағнинг ярмидан зиёди шу сегментга мувофиқ келади. Мутахассислар изоҳлашича, республика аҳолиси сони ва ҳаёт суръати жадал ўсаётгани бунга сабаб бўлмоқда. Хорижлик инвесторларни қизиқтираётган яна бир асосий йўналиш транспорт ва логистика. Бу ҳам тасодиф эмас. Республика орқали «Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой» халқаро йўлаги ўтган. Бундан ташқари, Қозоғистон пойтахти 37 йўналишда бошқа давлатлар билан боғланган. Буларнинг ҳаммаси инвесторларнинг республикамизга бўлган қизиқишини оширади.

Ержан Балтаев, «Astana Invest» бошқаруви раиси:

- Логистика асосий йўналишлардан бири. Дейлик, Европа ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси Қозоғистон, жумладан, Нур-Султон орқали ўтиши мумкин. Шунинг учун бунга қизиқиш катта. Шаҳар ўсиб бораётгани, бозор кенгаяётгани сабабли транспорт-логистика марказлари қуришга ҳам қизиқиш катта. Бизда кўплаб қизиқарли лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Озиқ-овқат, маиший техника, қурилиш материаллари бўйича ҳам лойиҳалар бор. Шунинг учун бу йўналишлар инвесторлар учун анчагина қизиқарли.

Инвесторлар эътиборини тортган яна бир йўналиш – савдо. Экспертлар уни бежизга иқтисодиётнинг юритувчи кучи деб атамайди. Чунки савдо бўлмаса бизнес ривожлана олмайди. Сўнгги 7 йил давомида пойтахтда бу соҳага бир миллиард олти юз миллион доллар бевосита хорижий инвестиция киритилди.

Ержан Балтаев, «Astana Invest» бошқаруви раиси:

- Бундан ташқари, шаҳримизга келаётган бевосита инвестициялар ҳам бор. Уларга эътибор бериб қарасак, савдо биринчи поғонада. Товар айланмаси Нур-Султонда 10 миллиард долларни ташкил қилди, қизиғи шундаки, биз импортдан кўра кўпроқ экспорт қиламиз. Бунга бир қанча факторлар таъсир кўрсатади. Жумладан, қатор компаниялар, нефть-газ компанияларининг бош офиси Нур-Султон шаҳрида жойлашган, улар ҳам баланс ҳисобига киради.

Инвесторлар учун саноат, таълим, тиббиёт ҳам жозибали. Умуман олганда, сўнгги 10 йил давомида республикага йил сайин келаётган инвестиция ҳажми ўртача 24 милллиард долларни ташкил қилди. Бевосита хорижий инвестицияларнинг кўп қисми Нидерландия, Швейцария, Бельгия, Франция, Туркия, Германия ва бошқаларга тўғри келади.