2021-2025 йилларга мўлжалланган агросаноат мажмуасини ривожлантириш миллий лойиҳасини рўёбга чиқариш ҳисобига қишлоқлардаги 1 миллион киши турмуш даражасини кўтариш кўзда тутилган. Ҳукумат йиғилишида қишлоқ хўжалик вазири Ербўл Қарашўкеев мазкур ҳужжатни тақдим этди. Вазирнинг таъкидлашича, миллий лойиҳани ишлаб чиқишда глобал хатарлар ва агросаноат мажмуасини ривожлантиришнинг асосий тенденциялари ҳисобга олинган. Ишланма муаллифлари аввал амалга оширилган давлат ва соҳа дастурлари натижаларини ҳам ҳисобга олган.
Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазири:
- Давлат раҳбари топшириқларига мувофиқ, миллий лойиҳанинг қуйидаги асосий вазифалари белгилаб олинган: меҳнат самарадорлигини 2,5 марта ошириш; мамлакатни ўзимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш; агросаноат маҳсулотлари экспортида қайта ишланган маҳсулотлар улушини 70 фоизга етказиш ва умумий ҳажмини 2 марта ошириш; 7 та экотизимни шакллантириш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали 1 миллион нафар қишлоқ аҳли даромадини ошириш кўзда тутилган.
Вазир таъкидлашича, яқин келажакда жами 4 триллион тенге қийматга эга 582 инвестициявий лойиҳа амалга оширилади.
Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазири:
- Миллий лойиҳада йирик инвест-лойиҳалар атрофида 7 та экотизим яратиш устувор мақсад ҳисобланади. Шу жумладан, гўшт, мева-сабзавотлар, шакар, дон, мойли эканлар, сут маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш кўзда тутилган. Бу эса энг камида 350 минг фермер ва уй хўжаликларини жалб этиш имконин яратади. Улар юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот яратишда иштирок эта олади.
Таъкидлаш жоизки, ҳукумат йиғилишида яқин келажакда рўёбга чиқариладиган яна бир қанча миллий лойиҳалар кўриб чиқилди. Улар қаторида: «Барқарор иқтисодий ривожланиш», «Тадбиркорликни ривожлантириш» ҳам бор. Шунингдек, «Миллий маънавий уйғониш», «Яшил
Қозоғистон», «Рақамлаштирш, инновация ва фан воситасида технологисапчиш» лойиҳалари тақдим этилди. Таълим сифатини ошириш ва миллат саломатлигини яхшилашга қаратилган мажмуавий лойиҳалар ҳам илгари сурилди. Уларнинг ҳаммаси Президент топшириқларини бажаришга йўналтирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси