Бу давр ичида ташкилот аъзолари мамлакатимизнинг энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкорлари қаторига кирди. Республикага йўлланган Европа капиталининг умумий миқдори ўттиз йил ичида 160 миллиард доллардан ошди. Икки томонлама товар айланмаси ҳажми 180 марта кенгайди. Шу тариқа, бугунги кунда Қозоғистон ташқи савдосининг учдан бир қисми Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.
Кестутис Янкаускас, Европа иттифоқининг қозоғистондаги элчиси:
- Дипломатик алоқалар ўрнатилганида боғланган муносабатлар 1995 йилда Ҳамкорлик ва ҳамфикрлик тўғрисида шартнома тузилгач, ривожлана бошлади. Бу умумий келишув доирасида Европа инвестициялари, ўзаро савдо учун йўл очилди. Ўн йил ўтгач, Қозоғистон билан иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг 29 йўналишини, амалда бутун ҳаётимизни қамраб олувчи ҳамкорликни кенгайтириш хусусида шартнома имзоладик. У келгуси фаолиятимиз учун пойдевор, асосий база вазифасини бажарди.
Республикада Европа капитали иштирокида бунёд этилган уч мингга яқин компания мавжуд. Улар турли соҳаларда фаолият юритмоқда. Айниқса, савдо ва автомобиль таъмири, касбий, илмий, техник соҳаларда, шунингдек, молия ва суғуртада Европа ташкилотлари ҳиссаси катта.
Кестутис Янкаускас, Европа иттифоқининг қозоғистондаги элчиси:
- 30 йиллик ҳамкорлик давомида Европа Иттифоқи салкам 77 миллиард доллар инвестиция киритди, бу эса Қозоғистонга хориждан келган сармоянинг деярли ярми, дегани. Ўтган йили Европа Иттифоқидан 800 миллион доллар маблағ келди, келгуси йилларда, ноёб қазилма бойликлар, водород, «яшил» водород, «яшил» энергетикага инвестициялар бўйича шартномалар имзолангач, бу рақамлар ўсишда давом этиши кузатилади, деб ўйлайман.
Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари нафақат савдо ва инвестициялар, балки маданий-гуманитар ҳамкорлик туфайли ҳам кенгайишда давом этмоқда. Дипломатик алоқалар ўрнатилишининг 30 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилиши режа қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси