Тоза манбалар орқали олинган электр қуввати 30 фоизга ошди

Тоза манбалар орқали олинган электр қуввати 30 фоизга ошди

2021 йилда Қозоғистонда қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари тўрт миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Шундан 1,8 миллиарди шамол, 1,6 миллиарди қуёш электр станцияларига тўғри келди. Қолган қисми гидро ва биоускуналар орқали олинди. Республика Энергетика вазирлиги маълум қилишича, 2022 йилда бу кўрсаткичлар янада ортади, зеро, яна 10 станция ишга туширилади. 2023 йилда 11 объект ишга туширилади.

Алма Жукенова, тикланувчи энергия манбалари департаменти директори ўринбосари: ​

- Бизда қуёш объектлари кўпроқ. Анча қуриб қўйилган. Ҳозир шамол электр станцияларига асосий эътиборни қаратяпмиз. Чунки уларнинг самарадорлиги қуёш ва бошқа энергия манбалариникидан катта. Айни вақтда, гидроэлектростанциялар ҳам эътибордан четда қолмайди. Чунки гидроэлектростанция чиқаётган электр қувватини заруратга кўра кўпайтириш ёки камайтириш имконини беради. Улар оқшомлари, энг кўп миқдорда энергия зарур бўлганида қўл келади. Чунки қуёш, шамолга ҳамиша ҳам ишониб бўлмайди. Шунинг учун гидроэлектростанциялар зарур.

Таъкидлаш лозимки, ушбу лойиҳалар хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали амалга оширилади. Жаҳоннинг 10 мамлакатидаги кўплаб компаниялар билан контрактлар имзоланган.

Алма Жукенова, тикланувчи энергия манбалари департаменти директори ўринбосари: ​

- 2018 йилдан, ўзингизга маълум, бизда аукцион механизми ишга тушди. Қайта тикланувчи энергия манбалари маҳсулотини сотиш юзасидан аукцион механизм ишлаб турибди. 2018-2021 йилларда 12 давлатнинг 196 компанияси аукционларда қатнашди. Ўртага қўйилган ҳажмларга нисбатан икки марта кўп буюртма келди.  Шуни ҳам айтиш лозимки, бу соҳага инвесторлар ва йирик нефть компаниялари келди.

Шу тариқа, Қозоғистон умумий энергия тизимида қайта тикланувчи манбалар улушини 2025 йилгача 6 ва 2030 йилгача 15 фоизга етиши кутиляпти.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.