Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айланмаси 2 миллиард долларга етказилиши мумкин. Мамлакатимиз қўшни республикага экспортни 195 та маҳсулот тури бўйича, 260 миллион Америка валютасига оширишга тайёр. Бунда озиқ-овқат, саноат, нефть-кимё, қурилиш, фармацевтика соҳаларида кўпроқ салоҳият мавжуд. Бишкекда Қозоғистон Ҳукумат раҳбари ва Қирғизистон Президенти савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, таълим, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро шериклик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, ҳукумат даражасида Қирғизистон етакчисининг яқинда бўладиган Астанага ташрифига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирди. Ўлжас Бектенов 2024 йилги вегетация даврида давлатлараро фойдаланиш учун сув хўжалиги объектларининг иш режимларини тасдиқлаш муҳимлигини таъкидлади. Икки республика Бош вазирлари томонидан Қозоғистон-Қирғизистон чегараси ўтказувчанлигини ошириш бўйича ишлар яхши динамикага эгалиги, юк ташувчилар учун транзит жозибадорлиги ҳам қайд этиб ўтилди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Давлатларимиз раҳбарлари икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик ҳамкорлигини ривожлантириш ва чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Бизнинг асосий мақсадимиз – юқори даражада қўйилган вазифаларни пишиқ-пухта ва самарали тарзда рўёбга чиқариш. Ишонаманки, жорий йилда шериклигимиз ҳам икки тарафлама форматда, ҳам умумий интеграциявий бирлашмалар доирасида янги ижобий натижалар билан ажралиб туради. Умуман, Қозоғистон Ҳукумати умумий манфаатларимизга жавоб берадиган барча мақсадларда бирга ҳаракат қилишга тайёр.
Абдумалик Сарманов таржимаси.