Тошқинларнинг олдини олиш учун чоралар кўриляпти

Тошқинларнинг олдини олиш учун чоралар кўриляпти

Қозоғистонда баҳорги эрувгарчилик мавсумига тайёргарлик давом этяпти. Жами 84 та аҳоли пунктида 56 та тошқинга қарши лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Уларда жами 580 минг одам яшайди. Шу жумладан, 310 километрга чўзилган тўғонлар қурилиши режалаштирилган эди. Шу кунгача мўлжалланган ишларнинг ярмидан кўпроғи бажарилди. Айни вақтда, республикада гидротехник иншоотлар аҳволи синчиклаб текшириляпти.

Гульзат Махаева, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирлиги Сув хўжалиги иншоотларини ривожлантириш департаменти Гидротехник иншоотлар бошқармаси бош эксперти:

- 2024 йил тошқинлари оқибатларини бартараф этиш учун Қозоғистон  Сув захиралари ва ирригация вазирлиги маҳаллий ижро органлари билан бирга зарарланган гидротехник иншоотлар, муҳофаза тўғонларини тиклаш ишларини олиб боряпти. 2024 йилда 56 та лойиҳанинг 27 таси ниҳоясига етди, қолган объектлардаги ишлар 2025 йилда якунланади.

Мамлакатда тошқинлар мавсумига тайёргарлик режага кўра амалга ошириляпти. Марказий, шимолий, шарқий ва ғарбий минтақаларида сув омборларининг бир қисми бўшатиш бўйича кенг кўламли иш олиб бориляпти. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, 1 апрелгача улардаги сув сатҳи кескин пасаяди, захираларнинг 70 фоизи оқтириб юборилади.

Ерис Исмаилов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирлиги Сув захираларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қўмитаси бош эксперти:

- Баҳордаги қор эриши оқибатида пайдо бўлган жилғалар сувини тўплаш билан бирга, кўл тизимлари, табиий яйловлар, ўтлоқларга йўналтириш ҳам жуда муҳим. Шунинг учун сув тақсимотини олдиндан режалаштириб олиш керак. Ўтган йили зироатчиларнинг сувга бўлган талаби тўла таъминланди. Мавсум давомида деҳқонларга 11 миллиард куб метр сув берилди. Бундан ташқари, катта-кичик сув ҳавзаларини сақлаб қолиш ва тиклаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

 Абдумалик Сарманов таржимаси