Астанада Қозоғистон — Хорватия бизнес-форуми ўтказилди

Астанада Қозоғистон — Хорватия бизнес-форуми ўтказилди

Астанада Қозоғистон — Хорватия бизнес-форуми ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги, туризм, молия, қурилиш, фармацевтика, таълим соҳаларида ишловчи 20 тадан зиёд хорват компанияси қатнашди. Тадбиркорлар қулай бизнес-иқлим, бой захираларга эга Қозоғистон билан ҳамкорлик ўрнатиш қизиқарли эканлигини кўрсатиб ўтишди. Мамлакатда бунинг учун салоҳият етарли. 2024 йилда Қозоғистон ва Хорватия қиймати 280 миллион долларга тенг маҳсулот алмашди, унинг 253 миллионини Қозоғистон экспорти ташкил қилди. Республикамизнинг Болқон яриморолидаги муҳим ҳамкорига кўп миқдорда нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериляпти, энергетикадаги фаолият устуворлик касб этган.

Хрвоже Йеней, Хорватия бизнес-делегацияси аъзоси:

- Биз — нефть-газ соҳаси, шу жумладан, разведка ва қазиб олиш учун химиявий маҳсулотлар етказиб берувчи компанияда ишлаймиз. Ушбу анжуман ўзаро алоқалар ўрнатиш, бозорни ўрганиш, асосий ҳамкорларни аниқлаб олиш, маҳаллий компаниялар, ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот таклиф этиш учун катта имкониятлар беради.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:

- Шу жумладан, энергетика, маҳсулот етказиб бериш бўйича икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Хорват томони Қозоғистон нефти, нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор. Биз уни, шу жумладан, нефть, газ, бошқа маҳсулотлар экспортини кенгайтиришда муҳим бозорлардан бири сифатида биламиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси