Мамлакатдаги эрувгарчилик жараёни кечаю-кундуз мониторинг қилинади.
Заруратга кўра, қўшимча куч ва воситалар ишга туширилади, сув ҳавзалари
яқинидаги аҳоли пунктлари муҳофаза қилинади. Республика Бош вазири Ўлжас
Бектенов Тошқинга қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини
бартараф этиш республика штаби йиғилишини ўтказди. Бугунги кунда мамлакат
ҳудудининг 67 фоизи қор остида. Март ва апрель ойларида кунлар кескин исиб
кетиши оқибатида тошқинлар юз бериши эҳтимоли ортади. Шарқий Қозоғистон,
Қарағанди, Ақмўла, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Ақтўбе, Абай ва Улитау
вилоятларида фавқулодда вазиятлар шаклланиш эҳтимоли катта. Фуқаро муҳофазаси
хизматлари ишга шай. Ундаги ходимлар сони 37 минг киши, 13 мингта техника
воситаси бор. 4 мингта сув сўрувчи ускуна, 640 та сузиш воситаси ишга шай. Фавқулодда
вазиятлар вазирлигига қарашли барча ҳаво кемалари ҳам кеча-кундуз хизматга шай.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Ҳокимликлар аҳоли пунктлари сув остида қолмаслиги учун барча чора-тадбирларни кўриши лозим. Сув ўтказувчи иншоотлар, кўприк ва тюбинглар муз ва чиқиндилардан тозаланиши керак. Дарё ўзанлари тозаланиши ва мустаҳкамланиши шарт. Тегишли куч ва воситалар гуруҳлари, шу жумладан, сув тошиши эҳтимоли бўлган аҳоли пунктларида техника воситалари ишга тайёр туриши зарур. Эвакуация жойлари тайёрлансин ва уларга яшаш учун зарур ҳамма нарса келтирилсин.
Абдумалик Сарманов таржимаси

