Қозоғистонда
ижтимоий ва меҳнат муносабатлари соҳаларида кенг қамровли рақамли экотизим
шаклланяпти. Фуқаролар учун иш ва таълим курслари автоматлашган тартибда сунъий
интеллект ёрдамида танланиши бўйича иш олиб бориляпти. «Фаолият компаси»
майдончаси ёшларга касб танлашда ёрдам бера олади. Skills Enbek онлайн-сервиси
янги малакалар орттириш ва қайта касб ўзлаштиришда ёрдамлашади. Оила ва корхона
рақамли хариталари кадрларга эҳтиёж ҳамда
иш шарт-шароитини белгилаб олишга ёрдамлашади. Ҳукумат йиғилишида меҳнат бозори
трансформацияси ва инновациявий ечимлар муҳокама қилинди. Бош вазирнинг
таъкидлашича, инвесторлар масъулиятини ошириш ва ишчи кучи сифатига эътибор
бериш керак. Ўлжас Бектенов барча маълумотларни давлат инфратузилмаларига
интеграция қилиш ҳамда самарадорликни белгилаб олиш учун KPI жорий этишни
таклиф қилди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон
Республикаси Бош вазири:
- Ҳозир мамлакатда
кенг кўламли логистика ва энергетика лойиҳалари рўёбга чиқариляпти. Турли
соҳаларда рақамли ечимлар фаол жорий этиляпти. Мажмуавий чора-тадбирлар сифатли
иш ўринлари яратиш имконини беради. Иш ўринлари яратилишини сифатли мониторинг
қилиш учун Инновациявий лойиҳалар навигатори яратилади. Бу ахборот тизими
яратилаётган янги иш ўринларини, уларнинг меҳнат бозорига мувофиқлиги, иш
берувчиларнинг ишга қабул қилиш бўйича режаларни бажаришини кузатиб боради.
Мамлакат
ёнилғи-энергетика мажмуасида ҳам рақамли ечимларга таянган ҳолда янги иш ўринлари фаол ташкил қилиняпти. 2029 йилгача
соҳада 200 тадан зиёд инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади. Кадрлар тайёрлаш
учун тегишли вазирлик энергетика ва нефть-газ секторида профессионал малакалар
бўйича соҳа кенгашлари тузишга киришди. У рақамли малакаларни ҳисобга олган
ҳолда касб стандартларини ишлаб чиқариш
ва янгилаш билан шуғулланади.
Аримбек
Қудайберген Берикули, Қозоғистон Республикаси Энергетика
вазири ўринбосари:
- 2025 йилда нефть-газ секторида 17 касб стандартлари,
энергетикада 27 касб стандартлари янгиланиши, 4 касб стандартлари яратилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда нефть-газ секторидаги 17 касб стандарти «Меҳнат захираларини
ривожлантириш маркази»да модерация қилиняпти. Энергетика соҳасидаги 23 касб стандарти бўйича
ижобий хулоса олинди, 8 таси эса «Меҳнат захираларини ривожлантириш маркази»да
экспертиза қилиняпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

