Тиббиёт поездлари фаолияти давом этади

Тиббиёт поездлари фаолияти давом этади

23 майдан бошлаб тиббиёт поездлари ўз фаолиятини бошлайди. Улар жами 150 та станцияга боради. Мамлакатнинг энг олис ҳудудлари аҳолиси ҳам бепул тиббий ёрдам олади. Қозоғистон бўйлаб икки поезд ҳаракатланади. «Жардем» Алмати шаҳридан чиқади ва 6 ноябргача йўлда бўлади. Қизил Ўрда, Атирау, Манғистау, Туркистон, Жамбил ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари бўйлаб ҳаракатланади. Иккинчиси, «Саламатти Қазақстан» поезди 20 июндан 2 ноябргача ҳаракатда бўлади ва Алмати, Қўстанай, Қарағанди, Павлодар, Шарқий ва Шимолий Қозоғистон минтақалари бўйлаб кезади.

Ербўл Кенгербаев,  «Қазақстан Темир Жўли» миллий компанияси» ҲЖ Қошидаги ижтимоий лойиҳалар жамғармаси директори:

- Ихтисослашган тиббиёт поезди 8 вагондан иборат. Улар ичида вагон-ресторан, дизель генератори ўрнатилган вагон ҳам бор. Бирор фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, бу вагон кичик аҳоли манзилгоҳини электр қуввати билан таъминлай олади. Тўртта вагон махсус тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Уларда беморларга турли хизматлар кўрсатилади, зарурат туғилганда кўрикдан ўтказилади. Иккита купе вагонда тиббий, поезд бригадалари ходимлари яшайди, барча қулайлик яратилган. 

Кўчма бригадалар таркибида 30 дан зиёд мутахассис, жумладан, терапевт,  стоматолог, офтальмолог, маммолог, жарроҳ ва бошқалар бор. Хизматлар кафолатланган бепул тиббий ёрдам ва тиббий суғурта дастури доирасида кўрсатилади. Манзилгоҳлар аҳолиси врач йўлланмасини олмасдан ҳам мутахассисларга мурожаат этиши, кўрик ёки скринингдан ўтиши мумкин. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.