Чақалоқлар учун офтальмологик ускуна

Чақалоқлар учун офтальмологик ускуна

Улитау вилоятидаги кўппрофилли шифохонага «Қазақстан Халқина» жамғармаси томонидан шундай жиҳоз тақдим этилган. Муассаса раҳбарияти таъкидлагани каби, ускуна муддатидан илгари туғилган гўдакларда мавжуд хасталикни ўз вақтида аниқлаш имконини яратади. Таъкидлаймиз, йил аввалидан бери вилоятда 38 нафар бола муддатидан аввал дунёга келган. Аиша ҳам шундайлардан бири. Унинг онаси гўдагининг кўриш қобилиятидан ташвишланганди, аммо офтальмоскоп текширувида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади.

Ақнур Чингисова, кўп фарзандли она:

- Туғилиши билан қизим жонлантириш бўлимига олинди, мустақил нафас ололмасди, ўпкани сунъий шамоллатиш жиҳозига улашди. Ҳар соатда зонд орқали озиқлантириб туришди. Ҳозир ҳаммаси яхши, таҳлил натижалари жойида. Бу ерда замонавий ускуналар мавжуд, боламнинг соғлиғи тўлиқ текширувдан ўтказилди.

Шифокорлар чала туғилган чақалоқларнинг кўриш қобилиятидаги муаммоларни органлар тўла-тўкис шаклланмагани билан боғлайди. Хасталик ўз вақтида аниқланмаса, йиллар ўтиб, кўрликка олиб бориши мумкин.

Айгул Хамитова, болалар офтальмологи:

- Офтальмоскоп кўмагида икки ҳафталик гўдакнинг кўз пардасини текшириш мумкин. Динамикани кузатамиз, босқични аниқлаймиз ва бола кўрмай қолишининг олдини оламиз.

Улитау вилоятидаги туғруқхоналарда болаларнинг тахминан 6 фоизи муддатидан илгари туғилади. Ҳозирча чақалоқларнинг ҳеч бирида кўриш қобилияти билан боғлиқ жиддий муаммо кузатилмади. Айтиш жоиз,  2022 йилда республикамизда 30 минг нафар гўдак муддатига етмай дунёга келган. «Қазақстан халқина» фонди томонидан юртимиздаги яна 30 та тиббий муассаса офтальмоскоп билан таъминланди. Ушбу мақсадда 300 миллион тенге сарф қилинган.

Абдумалик Сарманов таржимаси