Кино ривожланиши учун янги имкониятлар очиляпти

Кино ривожланиши учун янги имкониятлар очиляпти

Голливуд фильмлари Қозоғистон катта экранини тарк этиши мумкин. Россияга киритилган санкциялардан кейин тарқалган бу хабар мамлакатимиз дистрибьюторларини ҳам, кўп сонли мухлисларни ҳам ташвишга солди. Лекин куни кеча юртимиздаги энг кекса киностудия - «Қазақфильм» жаҳон премьераларини дубляж қилишга тайёрлигини билдирди. Бунинг учун компанияда барча техник имкониятлар бор. Профессионал дубляж актёрлари тўпланган. Фақатгина бу жараённинг қанчага тушиши ва ўзини оқлай олиш эҳтимоли ўйлантирмоқда.

Айдар Баталов, Шакен Айманов номли «Қазақфильм» киностудияси вице-президенти:

- Битта фильм дубляжи барча стандартларга мос шаклда амалга оширилса, субтитрга нисбатан анча қимматга тушади. Ҳарқалай, қозоқча субтитрлардан бошлаш таклифи тушган. Агар бу фильмларга бўлган ҳуқуқлар бизга берилса, дубляждан олдин субтитрлар билан ишлаб кўриш зарур. Чунки, биринчидан, бу дубляждан анча, бир неча марта арзонга тушади. Иккинчидан, бир уришда икки қуённи отиш мумкин, қозоқча субтитрли инглиз фильмларини томоша қилаётган халқ хорижий тилни яхшироқ ўзлаштиради. Бу ҳам мамлакат учун муҳим.

Жаҳон киноси юлдузлари мамлакатимиз актёрларининг овози билан гапириши учун битта фильмга юз минг долларгача маблағ кетади. Дубляж ишидан ташқари, Голливуд премьералари прокатини ташкил қилиш учун АҚШнинг энг йирик студиялари билан шартнома тузиш керак.

Айдар Баталов, Шакен Айманов номли «Қазақфильм» киностудияси вице-президенти:

- Бизга 30-50 та фильм берилса етади. Улар минтақавий дистрибьютор орқали ёки бевосита олиб келинади. Аммо бозоримиз торлиги сабабли бевосита келиши қийин.

Вазият аста-секин ойдинлашади. Экспертлар фикрича, бунинг ижобий жиҳатлари бор. Масалан, мамлакат киносаноатини илгари суриш учун яхши имконият туғилди. Жорий йилда «Қазақфильм» 5 янги лентани, шу жумладан, 3 драма, 2 комедия ва битта тарихий кинони прокатга чиқаради.

Абдумалик Сарманов таржимаси