Янги тарихий ҳужжатлар топилди

Янги тарихий ҳужжатлар топилди

Архив мутахассислари хорижий архивларда сақланаётган Қозоқ хонлиги, «Алаш» ижтимоий-сиёсий ҳаракати билан боғлиқ қатор ҳужжатлар нусхасини юртимизга келтирди. Жами 14 та давлат ҳудудида иш олиб борилди. Ҳозир олимлар тарихий дарсликлар ва тадқиқотларда тилга олинмаган етти мингдан зиёд ҳужжат устида иш олиб бормоқда. Улар қаторида ҳижрий 918 йилда Темирхоннинг Сўйбекхонга ёзилган мактуби ҳам бор, у қадимги чиғатой тилида. Унда қозоқ замини ҳукмдори Бурундуқхон билан шартнома тузилгани тўғрисида маълум қилинган. Мактуб ҳалича тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Мутахассислар фикрича, ишлар якунига етгач, тарихдаги бир қанча «оқ доғ» лар йўқолади, ўтмишга янгича назар ташлаш имкони туғилади.  

Сағила Нурланова, Қозоғистон Республикаси Миллий архиви директори:

- Дастур 2025 йилгача мўлжалланган. Олимларимиз қатор хорижий архивларга экспедицияга юборилади. Тарихчилар билан бирга уларни ўрганади.

Мамлакатга келтирилган ҳужжатлар орасида Кенесарихон ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўша давр қозоқ дашти харитаси ҳам. «Мутлақо махфий» тамғаси туширилган ҳужжатлар қўлга киритилган. Шулардан бири 1927 йилда Сталинга ёзилган, Алихан Бўкейханов тўғрисида маълумот берилган хат. Унда миллий йўлбошчи қозоқ ерларига келишини тақиқлаш таклиф этилган. Бундан ташқари, зиддиятли тарихий даврлар хусусида кўплаб бошқа маълумотлар ҳам бор.

Игорь Прохоров, тарих фанлари номзоди:

– Лондонда чоп этилган 18-асрга оид хариталар топилди, қозоқ шаҳарлари акс эттирилган. Уларнинг бир қисми ҳозир бизга номаълум. Мамлакатимиз ҳудудидан харобаларини ахтариб топишимиз лозим. Хориждаги, жумладан, Россия архивларидаги кўплаб маълумотлар ҳали рақамлаштирилмаган. Уларни ҳали тарихчилар ўрганмаган. Чунки каталог ва рўйхатларга киритилмаган. Миллий архив ходимлари уларни топди, рақамлади.  

Қозоғистонлик тарихчилар ҳужжатларни излашда давом этмоқда. Кейинги сафар улар Ўзбекистон архивларида иш олиб боради.

Абдумалик Сарманов таржимаси