Тиббиётга рақамли ёрдамчи кириб келяпти

Тиббиётга рақамли ёрдамчи кириб келяпти

Тез ва арзон. Сунъий интеллект ёрдамида Қозоғистон аҳолиси учун организмни тўла кўрикдан ўтказиш анча осонлашади. Пойтахтдаги илмий клиник марказлардан бирида бемор ҳолатини қисқа вақтда аниқлаб бериш алгоритми ишлаб чиқилди. Унинг аниқлиги 100 фоизга яқин. Ишланма муаллифларининг фикрича, авваллари ташхис учун бир ой атрофида вақт сарфланган бўлса, ҳозир атиги бир дақиқада натижани олиш мумкин. Одам иммунитетининг қуввати ва яширин касалликларини аниқлаш учун умумий қон таҳлили бўйича маълумотларни телеграмм-ботга киритиш кифоя. Рақамли ёрдамчи барча маълумотларни қайта ишлаш учун махсус серверга узатади. Унга киритилган махсус алгоритм эса тегишли жавобни чиқаришга ёрдам беради.


 

Нурлибек Удербаев, Инновациявий тиббиёт илмий-клиник маркази Бош директори:


– Умумий қон таҳлили – энг осон, стандарт ва қайта ишлаш учун қулай таҳлил ҳисобланади. Уни дунёнинг исталган жойида исталган одам учун тайёрлаш мумкин. Ўзи мураккаб бўлмагани ҳолда организм ҳолати ҳақида катта маълумот бера олади. Бизнинг майдончамизда қондаги рақамли кўрсаткичлар қайта ишланади ва одамнинг иммун тизими ҳақида хулоса берилади. Бунинг учун қон таҳлили бланкида кўрсатилган рақамларнинг ўзи кифоя қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси