Эмланиш учун онлайн ёзилиш мумкин. Коронавирусга қарши эмланиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот берилди. Имкониятлардан бири - EGov портали орқали, иккинчи имконият - call-марказлар орқали. Пойтахт жамоат саломатлигини сақлаш бошқармаси раҳбари Тимур Муратов маълум қилишича, барча контактлар ташкилот сайтида кўрсатилган.
Тимур Муратов, Нур-Султон шаҳар Жамоат саломатлигини сақлаш бошқармаси раҳбари:
- Аҳолига имкон қадар жадал хизмат кўрсатиш мақсадида санитарик-эпидемиологик назорат департаменти билан биргаликда биз савдо-кўнгилочар марказларда вакцинация пунктларини очамиз. Барча санитария-эпидемиология талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳолини вакциналашга тайёргарлик давом этяпти. Жойларда тушгача 2 та бригада, тушдан кейин яна иккитаси навбатчилик қилади. Бригада таркибида врач ва ҳамширалар бор.
Эслатамиз, пойтахтда эпидемиологик вазият ҳамон беқарор. Нур-Султон коронавирус тарқалиши бўйича шу кунларда ҳам «қизил» зонада қолмоқда. Мутахассислар суткасига ўртача 430 ҳолатни рўйхатга оляпти. Бу эса, масалан, ўтган йилнинг июль ойидагидан ҳам кўп. Оммавий эмлаш давомида шаҳар аҳолисининг 60 фоизи қамраб олиниши режалаштирилган.
Тимур Муратов, Нур-Султон шаҳар Жамоат саломатлигини сақлаш бошқармаси раҳбари:
- Шу кунларда коронавирусга қарши курашнинг муҳим босқичи – аҳолини эмлаш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, эмлаш касалликнинг олдини олади. Унинг фойдаси катта. Жамоавий иммунитет шаклланиши учун 600 минг нафар одам эмланади, бу эса шаҳар аҳолисининг 60 фоизини ташкил қилади. Шу кунгача 22 минг 500 нафардан зиёд одам коронавирус инфекциясига қарши вакцина олди. Эмлашдан сўнг муаммоли вазиятлар кузатилмади. Ушбу ҳафтадан олдиндан ёзиш орқали оммавий эмлаш бошланади.
Таъкидлаш жоизки, коронавирус тарқалишига оид энг таранг вазият Алматида кузатилмоқда. Шаҳарда аҳолини эмлаш ишлари фаол олиб бориляпти. Вакцинация бошланганидан буён шаҳарга 68 минг зардоб дозаси келтирилди. Шу кунгача мегаполисда жами 49 минг160 одам эмланди.
Нариман Табинбаев, Алмати шаҳар Жамоат саломатлигини сақлаш бошқармаси раҳбари:
- Алмати аҳолиси шу кунларда 2 миллион нафардан зиёд. Камида бир миллион одамни эмлаш кўзда тутилган. Тиббиётчилар фаол иш юритмоқда. Биринчи босқич учун зарур кабинетлар сони ҳисоблаб
чиқилган. Февралда, вакциналаш бошланганида атиги 35 та эмлаш пункти бор эди. Бугунги кунда улар сони 182 тага етди.
Абдумалик Сарманов таржимаси