Қозоғистонда темирйўллар учун янги технологияларга асосланган геоахборот тизими яратилиши мумкин. Қозоқ Миллий университетидаги Ерни масофадан кузатиш маркази мутахассислари шундай ноу-хау таклиф қилди. Мамлакатимиз олимлари ушбу тизим ёрдамида темирйўл тизимининг электрон-вектор харитасини яратиш ниятида. Бу ўзига хос навигатор вазифасини бажаради ва асосан соҳа мутахассисларига хизмат қилади. Масалан, тизимга станциялар ва ўтиш жойларини ҳам қўшган ҳолда темирйўл инфратузилмасини тўлиқ киритиш мумкин. Унда семафордан бошлаб шпалларгача бўлган ҳар бир детални акс эттирса бўлади. Ходимлар йўл аҳволини назорат қилиш чоғида аниқланган муаммоли нуқталарни планшетда кўрсата олади. Натижада, диспетчер орқали маълумот қисқа вақтда тегишли марказга етказилади.
Бахит Сахариев, темирйўл тизимининг рақамли модели муаллифи:
– Электрон-векторли харитани маълумотлар базаси билан бирлаштириш мумкин. Унда темирйўл инфратузилмаларидан ташқари таъмирлаш вақтида у ёки бу бўлим раҳбари ким бўлганлигини аниқласа бўлади. Маълумотлардан соҳа ходимларидан ташқари йўловчилар ҳам фойдаланиш имкони бор. Улар поезд қайси йўлдан ҳаракатланиши, қайси шаҳарлардан ўтиши, етиб боргунча қанча вақт ўтиши, неча километр йўл босиб ўтилганини кузатиб бора олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси