Тарозда кўкпар ва аудариспақдан Қозоғистон биринчилиги бошланди

Тарозда кўкпар ва аудариспақдан Қозоғистон биринчилиги бошланди

Тароз шаҳрида кўкпар ва аудариспақдан катталар ўртасида 21-чемпионат бошланди. Кенг кўламли беллашувларда 17 минтақадан келган 300 дан зиёд профессионал кўкпарчилар қатнашяпти. Ушбу мусобақалардан асосий мақсад миллий спортни оммалаштиришдан иборат. 30 апрелгача ҳар куни 7 тадан кўкпар ўйини ўтказилади. Ғолиблар биринчи ва олий лигада аниқланади. Энг кучли чавандозлар шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган жаҳон кўчманчилар ўйинларига йўлланма олади.

Қурманбек Турғанбек, «Аулиеата» жамоаси ҳужумчиси:

– Биз кучли учликка кирадиган Атирау жамоасини 7:2 ҳисобда мағлуб қилдик. Олдинда Туркистон ва Қизил Ўрда вилоятлари билан учрашувлар турибди. Яхшилаб тайёрланамиз. Бугунги кунда орттирган тажрибамиз, малакаларимиз келгуси беллашувларда ҳам қўл келишига ишонамиз.

Нуркен Байбуриев, Қозоғистон Республикаси миллий от спорти турлари бўйича давлат тренери:

– Биринчилик ўтганидан кейин чавандозлар сараланади, Қозоғистон Республикаси терма жамоаси шакллантирилади.  У жорий йилнинг сентябрь ойида Чимкент шаҳрида бўлиб ўтадиган /жаҳон чемпионатида қатнашиши  кутиляпти. Ҳозир бу беллашув бўйича қатнашувчилар розилиги олиняпти. Сентябрь ойи охирида Туркияда кўчманчилар ўйинлари халқаро турнири ўтиши режалаштирилган. Унда Европа ва Осиё давлатлари чавандозлари қатнашади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.