Қозоғистонда Наврўз жорий йилда ўзгача форматда нишонланади. Республика раҳбарияти унинг сермазмун ўтиш учун шундай қарорга келди. Маданият вазирлиги берган маълумотга кўра, туркийларнинг Янги йили 10 кун давомида нишонланади. Янгиликни биринчилардан бўлиб Астана олий таълим даргоҳлари қўллаб-қувватлади. Гумилёв номли Евроосиё миллий университетида катта тадбир ўтказилди. Раҳбарлар, профессорлар, таълим даргоҳи ходимлари ва талабалари, шунингдек, фахрий меҳмонлар миллий либослар кийишди. Чиройли чопонлар, бош кийимлари, ўзига хос миллий нақш ва орнаментлар билан безатилган кўйлаклар байрам шукуҳини бахш этди. Тадбирнинг бадиий қисмида янграган машҳур қозоқ оқинларининг ижро этилган куй ва композициялари кўнгилларга ором берди. Университетда таъкидлашларича, Наврўзнома – миллий ўзига хосликнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганини, мустақил мамлакатнинг ёрқин келажак сари бораётганини баралла намойиш этади.
Жанна Қурманғалиева, Л. Н. Гумилёв номли Евроосиё миллий университетининг фан, ютуқларни тижорийлаштириш ва халқаро миқёсга олиб чиқиш бўйича проректори:
— Жорий йилда катта қадам қўйилди, Давлат раҳбарининг қарорига кўра Наврўз байрами 10 кун, 14-23 мартда нишонланяпти. Миллий либослар куни, миллий спорт куни, покланиш куни, оммавий дарахт ўтқазиш куни белгиланди. Менимча, буларнинг ҳар бири байрамнинг мазмунини чуқур очиб беради. Иккинчидан эса барча тадбирлар мамлакатда миллат бирлигини янада мустаҳкамлаш учун маънавий пойдевор бўла олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.