Қозоғистонда гиламдўзликнинг қадимий анъаналари қайта тикланмоқда. Қизил Ўрда вилоятида аутентик ёғоч станокда эксклюзив эко маҳсулотлар тайёрланяпти. Бир асрлик ускуна ҳамон ишлаб турибди. Чеварларнинг таъкидлашича, мазкур тўқимачилик ва йигирув воситаси етарлича самарали, ишлатиш ҳам осон. Унинг ёрдамида ижод қилиш мароқли. Бу эса тайёр маҳсулотни харид қилганлар ижобий ҳиссиётлар олишини кафолатлайди.
Салтанат Абдираманова, чевар:
– Бу ёғоч дастгоҳ 100 йилни кўрган. Бувиларимиз шундай ускуналардан фойдалангани ҳайратлантиради. Унинг ўзи айланади. У билан ишлаш жуда қулай. Чунки тик турганча гилам тўқиш кўп куч талаб қилади, оёқлар чарчайди. Буни ўтирганча, заруратга кўра айлантириб ишлайверасиз.
«Кигиз басу» форуми чеварларнинг қадимий технологияларга муҳтожлигини кўрсатди. Мамлакатнинг турли минтақаларидан келган чеварлар намат тайёрлаш ва анъанавий гиламлар тикиш маҳоратини кўрсатди. Шулардан бири - Марияш Альжанова.
Марияш Альжанова, чевар:
– Менинг буюмларим фақат қўй жунидан тўқилган. Ҳамма нарсаларимни хўжалик учун ишлатиш мумкин. Намат текемет, хуржун, пиёла ва эгарлар учун тўрвалар ясайман. Музейлардан буюртма оламан. Ақтау ва Атираудан ўтовлар учун оқ кигиз олиб кетишади.
Форум доирасида ташкилотчилар кўргазма ўтказишди, унда маҳаллий усталарнинг текеметлари намойиш қилинди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.