Сунъий юрак беморларга ёрдам беради

Сунъий юрак беморларга ёрдам беради

Чимкентда навбатдаги сунъий юрак қўйиш амалиёти ўтказилди. Шифокорлар мураккаб юрак хасталигига чалинган, оғир аҳволда касалхонага етказилган 68 ёшли Абдиҳошим Исабоевга ускуна ўрнатди. Ҳозир у ўзини анча яхши ҳис қиляпти, нафас сиқилиши ортда қолди.


Абдиҳошим Исабаев, бемор:


- Уч йилдан буён ҳарсиллаб нафас олиб, ухлай олмасдим. Кундуз куни кам сезиларди, кечаси қийналардим. Ҳозир анча енгил нафас оляпман. Бир неча кундан кейин уйга рухсат берилади. Докторлар ва Қозоғистондан миннатдорман.


Сунъий юрак қон айланиш жараёнини таъминлайди. Табиий аъзо ўрнини босади. Ускуна батарейкада ишлайди, ҳаётий муҳим орган вазифасини бажара олади.


Бағдаулет Ерланули, «Юрак маркази» дастури мувофиқлаштирувчиси /Чимкент шаҳри/:


- Ускуна қон кислород билан тўйиниши, барча органларга етиб бориш учун ҳаракатланишини таъминлайди. Акс ҳолда, мия, жигар, буйракка кислород етишмайди. Бошқа органларга зарар етказмаган ҳолда муаммони ҳал қилади.


Марказ мутахассислари сўнгги 5 йил ичида 17 та шундай амалиётни ўтказди. Улар таъкидлашича, сунъий юрак — вақтинчалик ечим. Кейинроқ унинг ўрнига жонли орган қўйилади. Энг муҳими, қозоғистонликлар учун бундай мураккаб амалиётлар мажбурий тиббий суғурта доирасида бепул амалга оширилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси