Қозоғистонда ЕОИИ фаолиятига доир соҳаларда сунъий
идрок жорий этилишига эътибор қаратиш кўзланган. Эслатамиз, мамлакатимиз 1 январдан
бошлаб, Иттифоқ органларига раислик қилади. Бу ҳақда Чимкентда бўлиб ўтиган Евроосиё
Ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Бош вазир Ўлжас Бектенов маълум қилди. Устунлик берилаётган йўналишлар – божхона маъмурияти, логистика, саноат ва АСМ. ЕОИИ давлатларининг транзит-транспорт салоҳиятини янада кенгроқ очиш учун Қозоғистон
томони сунъий идрок базасида юк оқимини мувофиқлаштиришнинг
интеграцияланган платформасини яратишни
таклиф қилди. Бу етказиш муддатларини қисқартириш, сарфларни
камайтириш ва Евроосиё транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш
имконини беради.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Қозоғистон ўз олдига стратегик вазифа – тўлақонли
рақамли давлатга айланиш мақсадини қўйган. Асосий элементи IT-стартапларнинг
Марказий Осиёдаги йирик халқаро технопарки - Astana Hub саналган замонавий
экотизим шаклланди. Alem.ai Халқаро сунъий идрок маркази очилди, у таълим,
илмий тадқиқотлар ва инновациявий лойиҳаларга кўмакни ўзаро бирлаштиради.
Қозоғистон ЕОИИ даги ҳамкорлар билан рақамли тартибга солиш ва иқтисодиётдаги
ўзгаришлар борасида билим-тажриба алмашишга тайёр.
Бундан ташқари, ветеринария ва фитосанитария
назорати тўлиғича электрон шаклга
ўтказилишини тасдиқлаш жараёнларини амалга ошириш таклиф қилинган. Бу ўзаро савдода шаффофликни таъминлайди. Иштирокчилар, шунингдек,
савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш ва янги ташқи бозорларга чиқиш имконига
эътибор қаратди. Истиқболли йўналишлар - Араб дунёси,
Жанубий-Шарқий Осиё ва Африка давлатлари. Мажлис
якунлари бўйича тарафлар 12 та ҳужжат
имзолади. Улар интеграцияни ривожлантириш ва ЕОИИ давлатлари иқтисодиётини мустаҳкамлашга
йўналтирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

