Майнинг иккинчи ўн кунлигида Қозоғистоннинг шимолий
вилоятларида ёппасига экин экиш ишлари бошланади. Шу кунларда жанубий
минтақаларда 350 минг гектар ерга уруғ қадалган. Жорий йилда Давлат раҳбари
топшириғига кўра экин майдонлари диверсификация қилинмоқда. Қишлоқ хўжалиги
вазирлиги берган маълумотга кўра, моноэкинлар майдони камайтириляпти, рентабеллиги
юқори, шу жумладан, озуқа экинлари билан алмашлаб экиш йўлга қўйиляпти.
Айхан
Султан, Қозоғистон
Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департаменти директори ўринбосари:
- Имтиёзли ёнилғи-мойлаш материаллари, техника оммавий
экин-тикин ишларига ҳозирланяпти. Майнинг иккинчи ўн кунлигида шимолий минтақаларимиз,
таъбир жоиз бўлса, ғаллакорлиги билан ном қозонган шимолдаги китларимиз – Қўстанай, Ақмўла ва Шимолий Қозоғистон
вилоятлари ёппасига ишга киришади. Юз
берган тошқинларни ҳисобга олсак, шундай бўлиши табиий. Баъзи участкаларда
муддатлар сурилиши мумкин. Биз одатда май ойи охиригача дон экишни тугатамиз, бошқа
экинлар июннинг биринчи ўн кунлигида ерга қадалади. Ҳокимликлар берган
маълумотга кўра, экин майдонлари прогноз тузилмаси ишлаб чиқилган, унга кўра 23,8
миллион гектарга экин экилади. Бу эса ўтган йилгидан 200 минг гектарга кам. Дон
экинлари, шу жумладан, буғдой, кўп сув талаб қиладиган шоли, пахта майдонлари
қисқаради. Мойли ва озуқа экинлари майдони ортади.
Заминдаги сув экинлар ўсиб чиқиши учун етарли, дейди соҳа
мутахассислари. Уни сақлаб қолиш учун республика далаларида тегишли агротехник
тадбирлар ўтказиляпти.
Айхан
Султан, Қозоғистон
Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департаменти директори ўринбосари:
- Вегетация даврида кўп нарса об-ҳаво шароитлари
кўнгилдагидек бўлишига боғлиқ. Айниқса, ёз даврида ёғинлар, ҳаво ҳарорати
муҳим. Умуман олганда, ўтган йилдаги вазият такрорланмаслигига умид қиламиз. Мавсумни
яхши кайфият билан бошлаяпмиз. Кузда фермерлар зарур чора-тадбирларни кўришган.
Ҳозир қўшимча ишлар амалга ошириляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.