«Соғлом Қозоғистон» тиббий поезди Ғарбий минтақаларда иш бошлади

«Соғлом Қозоғистон» тиббий поезди Ғарбий минтақаларда иш бошлади

«Соғлом Қозоғистон» тиббий поезди яна йўлга чиқди. Навбатдаги саёҳат мобайнида ҳам олисдаги қишлоқ аҳолисига бепул ёрдам кўрсатилади. Жами 147 та аҳоли манзилгоҳига борилиши мўлжалланган. Жорий йилда «ғилдиракли поликлиника» ғарбий минтақаларга йўл олади. Таъкидлаш лозимки, поезд замонавий ускуналар ва лаборатория билан жиҳозланган. Унда мураккаб бўлмаган амалиётлар ҳам ўтказилади. Тиббий бригада таркибида жарроҳ, невропатолог, офтальмолог, стоматолог, рентгенолог ва бошқалар, жами, 30 та мутахассис бор. Аҳолига психолог ва ҳуқуқшунослар ҳам хизмат қилади. Ташкилотчилар таъкидлашича, 90 минг нафардан зиёд фуқарога бепул тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Шифокорлар саёҳати йил охиригача давом этади. 2010 йилдан бошлаб тиббий поезд салкам 2 минг марта станцияларга кириб борди, 650 минг фуқаро кўрикдан ўтказилди.

 

Айнур Егинбаева, катта врач:

- Энг янги ускуналар бор. Жорий йилда маммограф қўйиб беришди. Ўз омборимиз бор, нимадир тугаб бораётган бўлса – дарҳол буюртма берамиз. Етказишади.

 

Тимур Султанғазиев, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:

- Зарур УТТ-аппаратлари, флюорография, рентген, электрокардиография, электроэнцефалография бор. 15 нафар турли соҳа шифокорлари ишлаяпти. Поезд ишлаб тургани сабабли турли патологияларни эрта, самарали ёрдам бериш мумкин бўлган вақтда аниқлаш имкони туғилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.