Қозоғистон ва Хитой медиа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Қозоғистон ва Хитой медиа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Қозоғистон пойтахтида Хитойнинг йирик CGTN телеканали етакчи мутахассислари томонидан тренинглар ва мастер-класслар ўтказиляпти. «CMG Media Week 2026» анжумани Maqsut Narikbayev University халқаро журналистика мактабида ташкил этилди. Қозоғистон ва Хитой медиаэкспертлари ягона майдончада тўпланди. Талабалар, шу жумладан, халқаро муҳитдаги репортёрлик малакаларини ривожлантиришга қаратилган мультимедиа контенти билан ҳам таниша олади. Бундан ташқари, улар  реал кейслар билан ишлайди, қизиқтирган саволларига жавоб олади, ўз лойиҳаларини тақдим этади. Тадбирни Қозоғистон Президенти Телерадиомажмуаси ҳамда China Media Group медиахолдинги тегишли меморандум доирасида ташкил этди. Ҳужжат ўтган йилнинг июнь ойида,  ХХР раисининг юртимизга ташрифи вақтида имзоланганди.


Юнфей Жао, CGTN репортёри:


- CGTN турли соҳаларда – янгиликлар журналистикасидан ҳужжатли киногача, репортажлардан муаллифлик материалларгача юксак профессионаллиги билан ажралиб туради. Биз алоқалар янада чуқурлашиши учун бу тажрибамизни Қозоғистон талабаларига тақдим этамиз. Мана шундай ҳамкорликнинг аҳамияти юқори, деб ҳисоблаймиз.


Хитой экспертлари Қозоғистонда, шу жумладан, телевидение соҳасида сунъий интеллект яхши ривожланганини таъкидлашди. Репортёр Юнфей Жаонинг фикрича, Осмоности мамлакати медиасаноатида, янгиликлар, турли дастурлар тайёрлашда AI фаол ишлатилади. Юқори самарадорлиги ва технологиялардаги аниқлик туфайли у янги имкониятлар очиб беради. Лекин, дея таъкидлади у, сунъий интеллектдан фойдаланишда меъёрни унутмаслик керак.


Юнфей Жао, CGTN репортёри:


- Биз сунъий интеллектни журналистикага қарши қўйиш тўғри йўл, деб ҳисобламаймиз. Бир томондан, у қатор муаммолар келтириб чиқаради. Иккинчи томондан, янги истиқболлар очади, иш самарадорлигини оширади. Масалан, авваллари тадқиқотлар кўп вақт сарфлашни талаб қиларди. Ҳозир эса сунъий идрок туфайли бу жараённи жадаллаштириш, қисқа вақтда зарур маълумот, контент топиш мумкин. Бу эса одамларнинг тез ва самарали ўқиш-ўрганишида фойдали.


Абдумалик Сарманов таржимаси