Қозоғистон ва Болгария ўртасида ҳамкорлик кенгайиб боряпти. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси 4 марта ошди ва 375 миллион долларга етди. 2025 йилнинг 4 ойи давомида қиймати 83 миллион долларга тенг маҳсулот алмашинилди. Томонлар ушбу кўрсаткичларни кенгайтириш ниятида. Бугун Давлат раҳбари Астанага расмий ташриф билан келган Болгария Президенти РУмен Радев билан ўзаро алоқалар хусусида музокара юритди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Болгариянинг Жанубий-Шарқий Европадаги муҳим ҳамкор эканлигини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бозорларимизда
Болгария иштирокида тузилган 60 тача компания фаол ишлаяпти. Бугунги кунда
тоғ-кон саноати, транспорт, қурилиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қиляпмиз.
Энергетика, транспорт ва логистика, «яшил» ўтиш, атом соҳаси, космос, қишлоқ
хўжалиги, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа улкан салоҳият
мавжудлиги яққол кўриниб турган йўналишларда бирга ишлаш ниятимизни билдирдик.
Қозоғистон ва Болгария президентлари
тор ва кенг форматда музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича,
иқтисодий ва инвестициявий алоқаларда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича давлат комиссияси
асосий ўрин тутади. Давлат раҳбари комиссия доирасида транспорт-логистика
соҳаси учун ишчи гуруҳ тузиш таклифини билдирди. Томонлар Болгариянинг Бургас
ва Варна денгиз портларини Транскаспий халқаро транспорт йўлагига улаш
масаласини ўрганиб чиқиш ҳақида келишиб олишди. Икки давлат президентлари матбуот
учун қўшма баёнот берди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Ўтган ҳафтада
давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 33 йил тўлди. Ташрифингиз
ушбу муҳим санага тўғри келди. Ўтган давр мобайнида Астана ва София барча
даражаларда ўзаро ишончга асосланган фаол сиёсий мулоқот ўрнатди. Мустаҳкам
ҳуқуқий-шартнома базаси яратилди, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда
алоқалар мустаҳкамланяпти.
Румен Радев,
Болгария Республикаси Президенти:
– Бугунги
музокаралар икки томонлама алоқаларга янги туртки беришига ишончим комил.
Транскаспий халқаро транспорт йўлагини янада ривожлантиришга қаратилган меморандум
интилишларимизнинг акси бўла олади. Қозоғистон ва Болгариянинг Осиёни Европа
билан боғловчи географик ўрнидан стратегик мақсадда фойдаланишимиз зарур. Бундан
ташқари, юк ташишдан ташқари, энергетика ва рақамлаштиришда фаоллашишимиз
мумкин. Шунингдек, маданий алоқаларни кенгайтириш имкониятларимиз бор.
Айни вақтда, Қозоғистон
космик тадқиқотлар ва технологиялар, мудофаа саноатидаги Болгариянинг илғор
тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Томонлар маданий-гуманитар, таълим ва
минтақалараро алоқаларни кенгайтириш ҳақида келишиб олди. Яқинда Астанада
Болгария пойтахти шарафига София кўчаси очилади. Софияда эса 7 йилдан буён Астана
кўчаси мавжуд. Умуман олганда, Қозоғистон ва Болгария бугун 5 та ҳужжатни
имзолади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

