Чехиянинг машҳур транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси - Skoda Transportation Қозоғистонда корхона ташкил қилиш ниятида. Компания трамвайлар, вагонлар, метро поездлари, троллейбус ва электробуслар чиқаради. Локомотив йиғувчи конгломерат мамлакатимизда темирйўл ва шаҳар жамоат транспортини ишлаб чиқариш, техник хизмат кўрсатиш ва модернизациялашни йўлга қўймоқчи. Бош вазир Алихан Смаилов Skoda Transportation компанияси директорлар кенгаши раиси Дидье Пфлегер билан музокара ўтказди. Республикада юқори даражада локализацияланган ва тўла циклли ишлаб чиқариш яратиш таклифини билдирди. Бош вазир таъкидлашича, Skoda Transportation билан ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун тегишли давлат органлари ва ташкилотлари иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Дидье Пфлегер ўз навбатида компания янги бозорларга чиқишга тайёрлиги, шунинг учун Қозоғистонни ўз корхоналарини локализациялаш ва ривожлантириш учун истиқболли ҳамкор сифатида кўраётганини билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси