Шимолий Қозоғистон вилоятидаги Ақ Ирий қадимий шаҳарчасида олиб борилган қазув ишлари давомида археологлар эрта темир даврига доир буюмларга дуч келди. Улар икки ярим минг йил муқаддам ясалган зирак, қадимий узук, суяк пайкон, одатдагидан бошқача, антроморф шаклдаги сирланган чарх тошини қўлга киритди.
Анатолий Плешаков, тарих фанлари номзоди, археолог:
- Мазкур антропоморф фигура у қадар аниқдек туюлмаслиги мумкин. Лекин мана, бу ер унинг боши, чўнқайиб ўтирибди, оёғи синган. Бу одамларнинг қандайдир дунёқараши, эстетикаси бўлганини, балки қайсидир маъбудни ёки яқинларини тасвирлашга уринганини кўриш мумкин. Яъни улар санъатга ижобий қарагани аниқ.
Дилназ Хайрбўлди, талаба:
- Экспедиция бошланганидан буён биз тинмай ер қаздик, ҳатто зерика бошлагандик. Чунки ҳеч нарса топилмаётганди. Ҳозирда эрта темир даврига оид конструкцияга дуч келдик. Ўтмишимизни билишимиз зарур. Улар нима кийган, ов учун нималардан фойдаланган? Чунки бу ҳаммаси бизнинг тарихимиз.
Таъкидлаш лозимки, талабалар олимлар билан бирга археологик қазув ишларида қатнашишдан ташқари, эрта темир даврига оид маданий-тарихий воқеаларни қайта тиклаш билан шуғулланяпти. Сак даври кийимларини тикиб, уй-жойлар прототипини ясамоқда. Айтиб ўтиш жоиз, 2023 йилда Ақ Ирий шаҳрини музейга айлантириш режалаштирилган. Шу мақсадда республика бюджетидан 57 миллион тенге ажратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси