Қозоғистонда тиббий мутахассислар обрў-эътибори орта боради. Шу кунгача уларнинг маоши анча ошди. Масалан, шифокорлар ўртача маоши 420 минг тенгега, ўрта бўғин ходимлариники эса 234 минг тенгега етди. Ҳукумат йиғилишида Алихан Смаилов маълум қилишича, эндиликда кўзда тутилган тадбирлар соғлиқни сақлаш соҳасида хизмат сифатини ошириш ҳамда улардан ҳар бир одам эркин фойдалана олишига эришишга йўналтирилади.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Бунинг учун соғлиқни сақлаш соҳаси объектлари қуриш, тиббий техника сотиб олиш, замонавий технологияларни жорий этиш, кадрларни ўқитиш учун салмоқли маблағ ажратилади. Шу кунларда фуқаролар магнит-резонанс томографияси, компьютер томографияси каби серхаражат таҳлилларни бепул қилдира олади. Марказий Осиё давлатларида биринчи марта радиохирургия соҳасида Гамма-тиғ маркази очилди.
Шу билан бирга, Бош вазир аҳолининг шифокор ёрдами ҳажми, мажбурий ижтимоий тиббий суғуртага боғлиқ шикоятлардан хабардор эканлигини тилга олди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия вазирлиги билан ҳамкорликда соҳа иши ва маблағ таъминотини такомиллаштиришга оид жорий йилнинг 1 ноябригача тегишли таклифларини тақдим этишни топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.