Қозоғистонда болалар учун «Сирим ботир» комикси чоп этилди. Унда машҳур тарихий шахс – Сирим Датов ва унинг ватанини ҳимоя қилиш йўлидаги жасоратлари ҳақида ҳикоя қилинади. Сюжетга кўра, ота ўғли билан саёҳатга чиқади ва «Сирим тепалиги» мемориал мажмуаси қошида тўхтайди. Отаси ботир кўпсонли душманларга қарши жанг қилган бу муқаддас маскан тарихини ҳикоя қилади. Комикс адади – 2 минг нусха. Ундаги QR-код ёрдамида комикснинг видеоверсиясини томоша қилиш, топшириқ ва кроссвордлар ечиш ҳам мумкин.
Жантас Сафуллин, «Сирим ботир» комикси муаллифи:
– Лойиҳадан мақсад – қизиқарли формат ёрдамида болаларни китоб ўқишга жалб этиш. Биз комикс жанрини танладик. Ундаги матн эса бола маълумотларни осон эслаб қолиши учун шеър шаклида берилган. Тарихий шахсларнинг тасвирига келсак, уларнинг имкон қадар аслига яқин бўлишига интилдик. Комиксдаги сюжет линияси ҳақиқий тарихий воқеалардан иборат. Унда уйдирма йўқ, ҳаммаси қозоқ халқи тарихидан.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

