Тошқинлар туфайли 85 мингдан ошиқ қозоғистонлик аҳоли пунктларидан кўчирилди. Шундан 30 мингга яқини болалар. Республика ФВВ хабар беришича, қутқарув ишлари кеча-ю кундуз олиб борилмоқда, уларда тахминан 16 минг одам, 2 ярим мингдан кўпроқ махсус техника қатнашяпти. 8 миллион кубометрдан зиёд эриган қор сувлари тортиб ташланди, қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Эслатамиз, Қозоғистон Президенти топшириғига кўра, тошқиндан жабр кўрганлар ҳокимликлардан бир марталик тўлов олади. Тўлов миқдорини махсус комиссия белгилайди. Айтиш керак, Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга давлат моддий захирасини очиш ва аҳолига кўмак кўрсатишни топширган. Айни пайтда, Саноат ва қурилиш вазирлигида маълум қилинишича, табиий офатдан зиён кўрган қозоғистонликлар учун янги уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган мажмуавий режа ишлаб чиқилган.
Меруерт Ибраева, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазирлиги расмий вакили:
– Режа доирасида тураржойларнинг иккита эскизли лойиҳаси ишлаб чиқилди. Улардан бири – 3 хонали индивидуал тураржой бўлиб, майдони 80 квадрат метр, иккинчиси – жами майдони 160 квадрат метрга тенг 2 хонадонли уй-жой. Ишлаб чиқилган уй-жойлар лойиҳаси барча вилоятларда бир типдаги ёндашувни таъминлаш учун давлат экспертизасидан ўтказилади. Ишлар кейинги ҳафта сўнгига қадар якунланади ва намунавий лойиҳалар epsd.kz сайтида давлат экспертизаси хулосаси билан бирга очиқ шаклда тақдим этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.