Ўтган дам олиш кунларида Silk Way Star лойиҳасининг навбатдаги бешинчи сони томошабинларга тақдим этилди. Бу сафар ижрочилар саҳнани турли халқлар маданияти, миллий анъаналарини кўрсатувчи оҳанглар билан тўлдирди. Қатнашчилар ўз миллий қўшиқларини ижро этиб, мусиқа орқали ўзи мансуб халқ тарихи, маънавий меросини намойиш этди. Бу сафар арманистонлик Саро Геворгян етакчилик қилди. Хонанда халқона асарга рок элементларини қўшиб, томошабинлар ва ҳакамлар ҳайъатини қойил қолдирди.
Саро Геворгян, Silk Way Star танлови иштирокчиси, Арманистон:
- Бу сафар одатдагидан ўзгача ҳаяжон сездим. Боиси, бу ўз она юртимизни намойиш этиш имконияти берилган танловнинг асосий шарти деб биламан. Мен бизнинг мамлакатимизда машҳур бўлган арман халқ қўшиғини ижро этдим. Қўшиқни куйлаш жараёнида она халқимнинг бой маданияти ва турмушини, миллий қадриятларини кўрсатишни истадим. Ҳакамлар берган баҳоларни кўриб, ўйлаганимни амалга ошира олдим, деб ҳисоблайман.
Жанубий Кореянинг «Кандис» гуруҳи энг кам балл тўплаган ва энди танлов билан хайрлашиши лозим эди. Бироқ Қозоғистон номидан ҳакамлик қилаётган Жанар Дуғалова ўзига берилган вето ҳуқуқидан фойдаланиб, қизларни лойиҳада қолдирди. Бундай ҳуқуқ фақат лойиҳани ташкил қилган давлатлар ҳакамларига берилган. Яъни Қозоғистон ва Хитойга.
Жанар Дуғалова, Silk Way Star танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси:
- Бу гуруҳ ростдан менга ёқади. Фикримча, улар лойиҳага керакли иштирокчи. Боиси, ягона гуруҳ, нега энди қолдирмаслик, меҳмондўстлик кўрсатмаслик керак? Лойиҳа давомида қизларнинг мухлислари пайдо бўлди. Мен учун бу тўғри қарор. Кўрасизлар, бу қизлар бизга ҳали кўпгина қизиқарли номерлерини тақдим этади.
Барча беш турда жамғарилган баллар бўйича умумий рейтингда қозоқ хонандаси Алем ҳамда монголиялик Мишель Жозеф ўзаро тенг балл билан олдинда бормоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси

