Шарқий Қозоғистонда туризм фаол ривожланяпти

2023 йилда Шарқий Қозоғистон вилоятига келаётган ички туристлар оқими 2,7 фоизга ошди. Минтақада ўтган йили 350 минг одам дам олди. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, хорижлик туристлар сони ошишига Қозоғистон ва Хитой ўртасида визасиз ўтиш тартиби жорий этилгани ижобий таъсир кўрсатди. Меҳмонлар Бухтарма сув омбори ва Сибинск кўллари пляжлари, Катон-Қарағай туманидаги панта билан даволаш масканлари, минтақадаги тарихий объектлар, Глубоковск тумани ва Риддердаги тоғ-чанғи туризми объектларига мунтазам келади. Айни вақтда, вилоятда санатория-курорт, қишки ва қишлоқ хўжалик туризми ривожланяпти. Умуман олганда, минтақада янги объектлар қурилиши ҳамда соҳани ривожлантириш учун ўтган йили 12 миллиард тенге сармоя киритилди. 

Ержан Еркинбаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири ўринбосари:

– Вилоятда комьюнити Best Tourism йўналишини ривожлантиришга эътибор бериляпти. Туризм билан бевосита қишлоқ аҳолиси шуғулланади, меҳмондўст хонадонлар ривожлантирилади. Глобал рейтингларда минтақа юқори поғоналарга чиқа бошлади.  Масалан, green destination бўйича илғор учликдан ўрин олди, бу ҳақда туризм бўйича Бутундунё Берлин кўргазмасида эълон қилинди. WWF - Бутундунё ёввойи табиат жамғармаси версиясига кўра вилоят дунёдаги экология салоҳияти энг юқори бўлган икки юзта дестинациядан бири сифатида кўрсатилди.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.