Қозоғистон Миллий архивида Қозоғистон археология ва этнография мактаби асосчиси Алкей Марғуланнинг 120 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. У жуда кўп фан соҳалари билимдони бўлган. Тарих, адабиётшунослик, санъатшунослик соҳаларида илмий иш қилган, Фанлар академияси академиги эди. Қадимий дунё моддий маданияти ва санъати моддий ёдгорликлари, қозоқ халқининг тарихий қаҳрамонлик эпосини таҳлил қилган. Бронза ва эрта темир даврига оид ноёб археологик ёдгорликларни кашф қилган.
Сағила Нурланова, Қозоғистон Республикаси Миллий архиви директори:
– У ўзидан сўнг бой тарихий мерос қолдирди. Шу жумладан, 18 ёшли Ибрай Алтинсариннинг Лев Толстойга ёзган мактубини топди. Бундан ташқари, Миллий архивда қозоқ халқининг минг йилларга уланган тарихи борлигини исботловчи ҳужжатлар бор. У Улитау минтақасидаги 150 та археологик ёдгорликни ўрганди. Афсуски, уларнинг ярми аллақачон йўқ бўлиб кетган. Аммо Алькей Марғуланнинг изланишлари туфайли архив материаллари сақланиб қолган.
Таъкидлаш лозимки, аввалроқ бу архив ҳужжатларини фақат магистрантлар ва докторантлар ўргана оларди. Энди эса Алькей Марғулан тўплаган, Қозоғистон тарихига оид ажойиб маълумотлар ўрин олган материалларни бакалавриат талабалари ҳам кўриши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.