Атирауда Миллий қурултойнинг 3-йиғилиши ўтказилди

Олдинга қараб ишонч билан олға юриш учун биз миллий тарих миқёсини тўлақонли англаб етишимиз, ўз маданий меросимизни асраб-авайлаб, илгари суришимиз керак. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг учинчи йиғилишида шу ҳақда айтиб ўтди.

 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси  Президенти:

— Қозоғистон Буюк Дашт кўчманчи тамаддунининг бевосита вориси саналади. Олтин Ўрда сифатида бутун дунёга машҳур Жўжи Улуси ҳар доим Марказий Евроосиёнинг улкан кенгликларида тан олинган давлат қурилиши чўққиси бўлиб келган. Ушбу ўрта асрлар салтанатининг геосиёсий мероси бир қатор Евроосиё давлатлари, хусусан, Қозоқ хонлигининг шаклланишида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилган.

 

Президент фикрича, қурултой ҳамиша барча қозоғистонликлар учун долзарб бўлган масалалар ечими изланадиган платформа ҳисобланган. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидладики, турли соҳа ва йўналишларда позитив ўзгаришлар рўй бермоқда. Айни пайтда, президент иқтисодиётда янги ўсиш нуқталарини излашга чақирди. Унинг айтишича, жиддий мультипликатив самара берадиган лойиҳалар зарур. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудидан ўтувчи транзит йўлакларни мунтазам ривожлантириб бориш кучли туртки бериши мумкин, ташқи савдо айланмасини мажмуавий рағбатлантириш лозим. Бунинг учун юртимизда логистик марказлар ва омбор бинолари барпо этилади. Шунингдек, давлат раҳбари темир йўл линиялари қурилишини ошириш, денгизда юк ташув инфратузилмаларини мустаҳкамлаш, мослашувчан тарифли сиёсат юритиш заруратига урғу берди.

 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси  Президенти:

- Мунтазам иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ўзимизда бор барча рақобатдош афзалликларни ишга солиш муҳим. Қозоғистонни Евроосиёнинг асосий транзит хабларидан бирига айлантириш учун қатъий қадам ташлашимиз даркор. Яқиндагина Сиан шаҳрида транспорт-логистика марказини ишга туширдик. Ушбу истиқболли Қозоғистон-Хитой лойиҳаси «Бир макон, бир йўл» глобал ташаббуси доирасида амалга оширилди. Шу ҳафтада эса Озарбайжонга Сиан шаҳридан дастлабки контейнерли поезд етиб борди. Янги логистика маркази Транскаспий халқаро транспорт йўналиши орқали юк оқимини сезиларли оширишга замин яратади.

 

Қосим-Жўмарт Тўқаев анъанавий оилавий қадриятлар аҳамиятини, давлатнинг асл мақомини мустаҳкамлаш лозимлигини эслатиб ўтди. У айтганидек, Қозоғистон халқи ҳар доим энг мураккаб синовларни  бирдамлик ва ҳамжиҳатлик билан енгиб келган. Бугунги кунда, янги мислсиз таҳдидлар шароитида ушбу асосий қадриятлар алоҳида мазмун касб этади. Шу билан бир қаторда, президент миллий ўзига хосликни мустаҳкамлаш, тарихий объектларни, бизнес, техника ва фан тилига айланаётган қозоқ тилининг талабгирлигини асраш ҳақида эслатиб ўтди. Президент Буюк Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш ва авиабазани қайта номлаш борасида ўз фикрини билдирди. Уқтирилгани каби, уруш йилларида мисли кўрилмаган жанговар ҳамда меҳнат жасоратини кўрсатган юртдошларимиз хотирасини ёдда тутиш муҳим. Нутқининг сўнгида давлат раҳбари навбатдаги қурултой бўлиб ўтадиган шаҳарни белгилаб берди, бу – Кўкшетау бўлади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.