Алматидаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти йиғилишининг асосий мақсади – спорт ва туристик салоҳиятни кенгайтиришдан иборат. Қозоғистон ташаббусига кўра, 2024-2025 йилларга мўлжалланган ШҲТда туризмни ривожлантириш қўшма режаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, унда биргаликда рўёбга чиқариладиган 20 тадбир бор. Ҳужжат инфратузилмаларни такомиллаштириш, туристик талабни рағбатлантириш, ташриф буюрувчилар учун сервисни яхшилаш, минтақа туристик йўналишларини илгарилатишни кўзда тутади. Ҳар бир давлат ўзига хос туристик имкониятлар ва захираларни таклиф этган ҳолда бу дастурни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшади.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:
- Вазирлик қошида туризм ва меҳмоннавозлик университети мавжуд. У Туркийлар дунёсининг маънавий ва туристик маркази бўлган Туркистон шаҳрида жойлашган. Мазкур академик йил давомида биз устувор асосда ташкилотга аъзо бўлган ҳар бир давлатдан 2 нафардан вакил қабул қилиш ниятидамиз. Бу ташаббусимиз миллатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари, ШҲТ доирасида ШҲТнинг туристик пойтахти лойиҳаси муваффақиятли рўёбга чиқариляпти. Алмати келгуси йилда бу мақомни узатишга тайёр. Биз келгуси ШҲТнинг туристик пойтахти сифатида ХХРдаги Циндао шаҳрининг номзодини қўллаб-қувватлаймиз.
Ермек Маржиқпаев спорт ШҲТ доирасидаги асосий ҳамкорлик йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:
- Бугунги учрашувимиз доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш борасида тажрибамиз ва фикрларимизни баҳам кўрмоқчимиз. Биз дунё миқёсида спорт кун тартибини белгилай оламиз.
Қозоғистон ва Ўзбекистон бош маданий меросга эга. Ўзбекистон вазири Азиз Абдуҳакимов таъкидлашича, туризм соҳасидаги қўшма лойиҳалар тажриба алмашиш учун асос бўла олади.
Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология вазири:
- Биринчидан, тадбирни ажойиб шаклда ташкил қилгани учун Қозоғистонга миннатдорчилик билдиришни истардим. Муҳтарам Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Кемелович Тўқаевнинг Хива шаҳрига ташрифи мобайнида биз давлат раҳбарлари илиқ мулоқотининг шоҳиди бўлдик, ҳамкасбим Ермек Бўранбаевич билан келгуси йилларда рўёбга чиқариладиган ишлар юзасидан аниқ топшириқлар олдик. Биринчи қадам сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ягона туристик кластерини яратиш вазифаси қўйилди. Келажакда ШҲТнинг бошқа давлатлари ҳам бунга қўшилишига умид қиламан. Биз янги транспорт-логистика йўлаклари яратиш, шу жумладан, Буюк Ипак йўли бўйлаб карвонсаройлар тармоғи яратиш ташаббусини илгари сурдик. Улар турли туристик дестинацияларни ўзаро боғлаган бўларди. Ўзбекистон янги трансчегара туристик маҳсулотлар яратиш бўйича қўшимча ташаббусларини илгари сурди. Масалан, Ўзбекистоннинг маданий-дунёқарашни кенгайтириш туризмини Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг табиий имкониятлари билан бойитиш мумкин. Номадик туризм, табиий парклар бўйлаб туризм ҳам шунга киради. Булар глобал аҳамиятга эга.
Қозоғистон ташкилотга аъзо давлатларнинг деярли ҳаммаси билан визасиз мулоқот тартиби ўрнатган. Статистикага кўра, Қозоғистонга келаётган хорижий туристлар оқимининг 62 фоизини ШҲТ фуқаролари ташкил қилади. Учрашув давомида Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев Хитой, Эрон, Россиянинг тегишли вазирлари билан мулоқотда бўлди. Хитойлик ҳамкасби Гао Джидань билан 2025 йилда ўтказиладиган Қишки Осиё ўйинлари муҳокама қилинди. ШҲТ учрашуви якуни ҳужжати сифатида 2024- 2025 йилларда туризм соҳасида қўшма фаолияти чоралари режаси имзоланди.
Ермек Маржиқпаев, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазири:
– Жорий йилнинг 8-13 сентябрь кунлари мамлактаимизда Бешинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтказилишини эслатаман.. Бу – жуда катта туристик тадбир, мамлакатимиз пойтахтига 100 минг нафар турист келиши кутиляпти. Барчангизни Астанага ташриф буюриб, ушбу ўзига хос лойиҳанинг рўёбга чиқарилишини кузатишга таклиф қиламан.
Абдумалик Сарманов таржимаси.