Толиблар ҳаракати Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларин эгаллади. Террорчилар қўшниларга ҳужум уюштирмаслик ва чегарани кесиб ўтмасликни ваъда қилган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазири маълум қилган. Шунга қарамай, таъкидлайди Сергей Шойгу, айни пайтда ЖХШТ иттифоқчилари эҳтимолий хавф туғилишига тайёр туриши ўта муҳим. Таъкидлаш жоизки, сўнгги кунларда Афғонистондаги вазият янада таранглашган. Охири йўқ зиддиятлар натижасида мамлакатда миграция инқирози кузатилмоқда. Бугунги кунда 18 миллиондан зиёд одам инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Аҳоли жангарилар кириб келган шаҳарлардан қочмоқда. 4 миллионга яқин бола мактабга бормайди, 400 мингтача оила ўз уйини тарк этган ва бошпанасиз қолган. ЮНИСЕФ ташкилоти жабрланган қочоқларга ёрдам бериш учун минтақага тоза ичимлик суви ва гигиена воситаларини етказиб беряпти. Бироқ Афғонистондаги ҳарбий ҳолат кескинлашаётгани боис, кўмак тўхтатилиши мумкин.
Стефан Дюжаррик, БМТ БОШ Котиби матбуот котиби:
- Йил бошидан бери 390 минг одам ўз яшаш манзилини тарк этган. Айниқса, май ойида вазият ўта мураккаблашди. Ҳамкасбларимиз маълум қилишича, 1 июлдан 5 августга қадар Кобулга 5 минг 800 нафар одам келган. Уларга зарур ёрдам кўрсатиляпти. Аксарияти дўстлари, қариндошлариникида яшамоқда. Бироқ кўчада тунаб қолаётган мигрантлар ҳам кўпчилик.