Қозоғистон ва Монголия ўртасида товар айланмаси 500 миллион долларга етади

Қозоғистон ва Монголия ўртасида товар айланмаси 500 миллион долларга етади

Қозоғистон ва Монголия ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлатиш ниятида. Улан-Баторда бўлиб ўтган икки давлат ташқи ишлар вазирлари учрашувида бу масала муҳокама қилинди. Томонлар Қозоғистон ва Монголия давлат раҳбарларининг товар айланмасини 500 миллион долларга етказиш борасидаги келишувларини рўёбга чиқариш йўлларини кўриб чиқишди. Аграр соҳада ҳамкорлик масаласи ўрганилди. Қозоғистон Монголияга ветеринария вакциналари етказиб беради, келажакда ушбу давлатда ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бундан ташқари, республикамиз қишлоқ хўжалик техникаси, буғдой ва бошқа дон экинлари экспортини кенгайтириш ниятида. Йирик қўшма лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди.


Мурат Нуртлеу, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири:


- Қозоғистон Монголиядан 500 минг бош эчки сотиб олиш бўйича пилот лойиҳа таклиф қилди. Биз бу лойиҳани чорвачилик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспортга мўлжалланган ишлаб чиқариш яратишдаги биринчи қадам сифатида кўряпмиз. Бундан ташқари, электрон ҳукуматни жорий этиш ва космосни ўзлаштириш учун мутахассислар тайёрлашда ёрдам беришга тайёрлигимизни кўрсатиб ўтдим.


Қозоғистон тоғ-руда саноатини ривожлантиришда ҳам Монголияга ёрдам беради. Ташқи ишлар вазири қўшма инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқарадиган компанияларга ҳар томонлама ёрдам берилишини таъкидлади. Ўз навбатида Монголия Ташқи ишлар вазири томонлар қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришни келишиб олганини кўрсатиб ўтди.


Батмунхийн Батцэцэг, Монголия Ташқи ишлар вазири:


- Кенгайтирилган ҳамкорлик доирасида йўл-транспорт соҳасида мавжуд тўсиқлар ва қийинчиликларни бартараф этиш, янги транспорт-логистика йўналишлари яратиш, авиарейслар сонини ошириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини ошириш, импорт ва экспорт ҳжажмини ошириш, шунингдек, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш ҳақида келишиб олинди.


Қозоғистон Монголияга қозоқ тилидаги 5 мингта китоб совға қилди


Монголияга ташрифи давомида Ташқи ишлар вазири, Қозоғистон Президенти топшириғига кўра, беш мингта давлат тилидаги китоб топширди. Улар қаторида мамлакатимизнинг буюк ёзувчилари, шоирлари ва олимларининг китоблари бор. Асарлар кутубхоналар, таълим масканларига юборилади. Мурат Нуртлеу маҳаллий қозоқлар тили ва ўзлигини сақлаб қолишига ёрдам бергани учун раҳбариятга миннатдорчилик билдирди, таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамланишини билдирди. Ҳозир Монголия олий таълим даргоҳларида минг нафар атрофида қозоғистонлик билим оляпти. Келажакда Қозоғистоннинг етакчи университетларидан бирининг филиали очилиши режалаштириляпти.


 

Султан Таукей, Монголия халқ ёзувчиси:


– Бу китобларни Парламентдаги вакилларимиз олишди. Баян-Ўлгейда вилоят кутубхонаси бор. Китоблар шу жойга ва туман кутубхоналарига жўнатилади. Қирқтадан зиёд мактабимиз бор, уларда қозоқ тилида дарс берилади. Ҳар йили Қозоғистондан китоблар келтирилади. Ўтган йили «Ўтандастар» жамғармаси ҳамма анча нарса келтирди. Ўрта мактабларда асосан Қозоғистон дарсликлари ишлатилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси