Сунъий интеллект
Орол денгизини қутқаришга ёрдам беради. Минтақада сув захираларини мониторинг
қилиш ва бошқариш учун рақамли технологиялардан фойдаланилади. Ягона тизим
яратилади. У шаффофликни оширади, йўқотишларни камайтиради, захиралардан
самарали фойдаланиш имконини беради. Бош вазир Астанада бўлиб ўтган Оролни
қутқариш халқаро жамғармаси бошқаруви йиғилишида ташкилотга аъзо давлатлар
делегациялари билан учрашувида
биргаликда ишлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Ўлжас Бектенов таъкидлашича,
Қозоғистон сув захиралари масаласида Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро ҳамкорлик
қилиш тарафдори, фақат биргаликда минтақани барқарор ривожлантириш бўйича
ечимларга эришиш мумкин.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Ҳар бир мамлакатнинг ўз миллий манфаатлари
бор, биз ҳамиша уларни ҳимоя қилишимиз зарур. Лекин умумий, стратегик, узоқ
муддатли устуворлигимиз – яхши қўшничилик алоқалари бўлиши керак. Ҳар
биримизнинг зиммамизда қисқа муддатли масалаларни ҳал этишда узоқ муддатли
устуворликларга зарар етказмаслик каби мураккаб вазифа турибди. Биз муаммолар
ўзаро мақбул, ўзаро фойдали шаклда ҳал бўлиши учун биргаликда чоралар кўра
оламиз.
Бугунги кунда Орол
денгизи ҳавзасида экотизимни тиклаш, сув таъминотини кенгайтириш ва минтақада барқарорликни яхшилашга қаратилган 40 тадан зиёд экологик
лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Астанада бўлиб ўтган Оролни
қутқариш халқаро жамғармаси бошқаруви иккинчи йиғилишида
шундай маълумот тарқатилди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва
Қирғизистон вакиллари таъкидлашича, сув ҳавзасини сақлаб қолиш глобал экологик кун тартибда турган масала. Барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, миллионлаб одамларнинг
турмуш сифати унга боғлиқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси

