Сенатда миграция масалаларини тартибга солувчи қонун кўриб чиқилди

Қозоғистонда фавқулодда вазият вақтида хорижликларнинг муддати ўтган ҳужжатлари ҳақиқий деб тан олинади. Ушбу чора мамлакат ҳудудида бўлиб турган бошқа давлат фуқароси уларни узайтириш ёки алмаштириш имкониятига эга бўлмаган ҳолатда қўлланади. Сенат миграция соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатда бир вақтда икки давлат фуқаролигига йўл қўймайдиган қоидалар ҳам кўзда тутилган.

Советбек Медебаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:

- Икки фуқароликнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистон фуқаролигини олгандан кейин бошқа давлат фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланилган тақдирда,  Қозоғистон Республикаси фуқаролигини йўқотишга доир янги асос жорий этилмоқда. Таъкидлаш жоиз,  ҳозирги вақтда амалдаги қонунчиликда фақат хорижий давлат фуқаролигини олганлик учунгина Қозоғистон фуқаролигини йўқотганлик қайд этилиши назарда тутилган.

«Қандас» мақомини бериш тартиби такомиллаштирилади

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси доирасида «қандас» мақоми ва Қозоғистон фуқаролигини олиш тартиби соддалаштирилади. Шундай қилиб, ҳужжатда номзодни идентификация қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган тузатишлар таклиф қилинган. Бу унинг шахсини тасдиқловчи ва миллатини кўрсатувчи ҳужжатларида тегишли ёзувлар бўлмаган ҳолатга тааллуқли.

Советбек Медебаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:

- Хусусан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қозоқ миллатига мансубликни аниқлаш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масъулияти юкланади. Ҳокимликлар қозоқ миллатига мансубликни кўриб чиқувчи комиссия тузиш йўли билан юқоридаги масала бўйича қарор қабул қилади. Илмий даражага эга бўлган этник қозоқларга,  агар илмий иш олиб бориш зарур бўлса, кўчиш учун олинган давлат кўмагини қайтармаган, қопламаган ҳолда минтақалар бўйлаб мустақил миграцияни амалга ошириш имконияти берилади.

Айтиш лозим, ўтган йили 27 мингга яқин одам Қозоғистон фуқаролигини олган, шундан 20 минги - қондошлар. Жами бўлиб, мустақиллик       йилларида бир миллиондан зиёд этник қозоқ тарихий ватанига қайтган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.